O‘zbekiston, Yangiliklar

Мактабларда маънавий-маърифий самарадорлик тоифаларга бўлиб ўрганилади

Мактабларда маънавий-маърифий самарадорлик тоифаларга бўлиб ўрганилади
Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Вазирлар Маҳкамасининг 3 октябрь кунги қарори билан «Умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ҳамда тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш концепцияси» тасдиқланди.

Концепциянинг асосий мақсади этиб ўқувчиларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, юксак ахлоқий фазилатлар руҳида тарбиялаш белгиланган. Бунда мактаб, оила, маҳалла ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигини янада кучайтириш асосий вазифа саналади.

Мактаблардаги мавжуд ҳолатни ўрганиш ва таҳлил қилиш мезонлари асосида аниқланган «қизил» тоифадаги мактабларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш мақсадида идоралараро ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлиги ташкил этилади.

Шунингдек, «сариқ» тоифадаги мактабларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш, «яшил» тоифадаги мактаблар тажрибасини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш чоралари кўрилади.

«Замонамиз қаҳрамонлари» рукнида туркум рисолалар, анимацион, ҳужжатли ва бадиий фильмлар, роликлар яратилиб, таълим-тарбия жараёнига жорий этилади. Мактаб кутубхоналари Ўзбекистон Қаҳрамонлари, илм-фан, маданият, адабиёт ва санъат намояндаларининг ибратли фаолияти ёритилган адабиётлар билан бойитилади.

Концепцияда мактаб, маҳалла ва оила ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, кенг жамоатчилик ва ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига эътиборини ошириш мактаблардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида қайд этиб ўтилган.

Шу мақсадда маҳаллалардаги ёшлар етакчилари томонидан ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари», «Темир дафтар»га киритилган оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ўқувчиларни маҳаллаларда ташкил этиладиган халқ сайиллари, умумхалқ байрамлари, ўйинлар ва спорт мусобақаларига кенг жалб қилиш бўйича зарур ишлар амалга оширилиши белгиланган.