O‘zbekiston, Yangiliklar

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида газ таъминоти вақтинча тўхтатилади

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида газ таъминоти вақтинча тўхтатилади
Фото: «Aeris»

Ўзбекистоннинг 3 та ҳудуди аҳолиси 10 октябрь куни вақтинча газ таъминотидан узилади. Бу ҳақда ҳудудий «Ҳудудгаз» хабар берди.

Маълум бўлишича, 10 октябрь куни соат 10:00 дан 18:00 га қадар Тошкент шаҳри Сергели тумани Сўғдиёна маҳалласидаги 1384 та ҳовли хонадонларда ҳамда 17 та улгуржи ташкилотларда газ таъминоти тўхтатилади.

Юнусубод Деҳқонобод 1-А кўчасида жойлашган газ қувурида эса таъмирлаш ишлари олиб борилиши режалаштирилмоқда. Шу сабабли соат 10:00 дан 18:00 га қадар Бободеҳқон маҳалласидаги 1200 та ҳовлида, 15-16 мавзелардаги жами 4884 та кўп қаватли хонадонларда ҳамда ушбу манзиллардаги 5 та улгуржи ташкилотларда газ таъминоти тўхтатилади.

Бундан ташқари, Хоразмнинг Урганч, Қўшкўпир ва Янгибозор туманларига табиий газ етказиб бериш вақтинчалик тўхтатилади. «Бекобод» газ тақсимлаш станциясида таъмирлаш ишлари туфайли 10-октабр соат 13:00 дан 18:00 гача Урганч туманининг Орзу, Бахшилар, Ҳилол, Гулобод, Оқ-ёп, Равот, Заргарлар, Ғалаба, Қўнғрот маҳаллалари ва Қўшкўпир туманининг Довуд ва Кенагас маҳаллалари ҳамда Янгибозор туманининг барча маҳаллаларига табиий газ етказиб бериш вақтинчалик тўхтатилади.

Шунингдек, Бухоро вилояти Жондор туманининг айрим ҳудудларида ҳам газ етказиб бериш тўхтатиб турилади. Кесими 159 ммли ўрта босимли газ қувурини таъмирлаш мақсадида Жондор туманидаги Охшиз, Қовчин маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи табиий газ истеъмолчилари хонадонларида бугун соат 10:00 дан то 18:00 га қадар табиий газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилади.