Jahon

Дунё етакчилари Марокашдаги ҳалокатли зилзилага муносабат билдирмоқда

Дунё етакчилари Марокашдаги ҳалокатли зилзилага муносабат билдирмоқда

Африка Иттифоқи

Африка Иттифоқи комиссияси раҳбари Марокашдаги вайронкор зилзиладан «чуқур қайғу» изҳор қилди.

«Мен Марокаш қироллигида юз берган зилзиланинг фожиали оқибатларини чуқур қайғудаман», деди Мусса Факи Маҳамат қирол, Марокаш халқи ва қурбонларнинг оила аъзоларига «самимий ҳамдардлик» изҳор қилиб.

Хитой

Хитой раҳбари Си Цзиньпин Марокаш қироли Муҳаммад VI’га “таъзия мактуби” йўллади, дея хабар беради CCТВ расмий манбаси.

“Хитой ҳукумати ва халқи номидан ҳалок бўлганлар учун чуқур қайғу ва яқинларига самимий ҳамдардлик билдираман. Ишончим комилки, Қирол ҳазратлари бошчилигида Марокаш ҳукумати ва халқи бу офат оқибатларини енгиб, ўз ватанларини тиклашга қодир бўлади”.

Европа Иттифоқи

Европа Иттифоқи ўз баёнотида фавқулодда вазиятларга жавоб бериш маркази вазиятни кузатиб бораётгани ва ёрдам беришга тайёрлигини айтди.

Франция

Франция президенти Эммануел Макрон ҳамдардлик мактуби йўллаб, Франция тиббий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини айтди. “Марокашдаги даҳшатли зилзиладан кейин барчамиз ҳайратда қолдик. Франция ёрдам беришга тайёр”, — деди Макрон.

Германия

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Баербок фалокатдан афсусда.

“Марокашдан бизга даҳшатли тасвирлар етиб келмоқда. Марокаш халқи билан биргаликда даҳшатли зилзила қурбонлари учун мотам тутамиз”, — деди Баербок.

Ҳиндистон

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Ню-Деҳлидаги G20 саммитининг очилиш маросимида таъзия изҳор қилди.

“Жароҳатланганларнинг барчаси тезроқ тузалиб кетишини тилаб қоламиз. Бутун дунё ҳамжамияти Марокаш билан ушбу оғир дамда ва биз уларга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрмиз”, — деди Моди.

Исроил

Исроил ҳукумати ташқи ишлар ва мудофаа вазирликлари Марокашга зилзила қурбонларини қутқариш ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун гуруҳ тайёрлаётганини маълум қилди, дея хабар беради Ал-Жазира мухбири Валид Ал Умарий.

Қатар

Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Қирол Муҳаммад VI га самимий ҳамдардлик билдирди. Бош вазир ва Ташқи ишлар вазири Шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон бин Жассим Ал Тани ҳам Марокаш Бош вазири Азиз Аханноуч билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳамдардлик билдирди ва “жароҳатланганлар тезроқ соғайиб кетишини” тилади.

Шайх Муҳаммад Қатар “бу оғир вазиятда Марокашнинг биродар халқи” билан бирдам эканлигини ва “барча зарур ёрдамни кўрсатишга” тайёрлигини айтди.

Россия

Россия президенти Владимир Путин Марокаш қироли Муҳаммад VI га мурожаат йўллади.

“Мамлакатингизнинг марказий ҳудудларида содир бўлган ҳалокатли зилзиланинг фожиали оқибатлари муносабати билан самимий ҳамдардлигимни қабул қилинг. Россия дўст Марокаш халқининг ташвиши ва қайғусига шерик”, — деди Путин.

Испания

Испания бош вазири вазифасини бажарувчи Педро Санчес зилзила қурбонлари марокашликларга ҳамдарлик билдирди.

«Менинг Марокаш халқи билан даҳшатли зилзила олдида бутун бирдамлигим … Испания ушбу фожиа қурбонлари ва уларнинг оилалари билан бирга», деди Санчес.

Тайвань

Тайвань ўт ўчириш бўлими Тайвань ташқи ишлар вазирлигидан кўрсатма олган пайтда Марокашга жўнаб кетиш учун 120 нафар қутқарувчидан иборат гуруҳ тайёр эканлигини айтди.

Туркия

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, илгари Twitter номи билан машҳур бўлган Х’да: “Биз Марокашлик биродарларимиз билан бу оғир кунда барча имкониятларимиз билан ёндамиз” деб ёзди.

Туркия ташқи ишлар вазирлиги алоҳида баёнотда Анқара «Марокашдаги зилзила жароҳатларини даволаш учун» ҳар қандай ёрдамни беришга тайёрлигини айтди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Марокаш Подшоҳига ҳамдардлик билдирган эди.

Давлатимиз раҳбари вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, жабрланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилаган.