2024 йилда Германия Украинага 8 миллиард евро (8,5 миллиард доллар) миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатишни режалаштирмоқда, деб хабар бермоқда Bloomberg ва Reuters агентликлари ўз манбаларига таяниб.
Қарор канцлер Олаф Шольцнинг ҳукмрон коалицияси томонидан маъқулланган ва энди у парламент томонидан тасдиқланиши керак. Бу келаси ҳафтада содир бўлиши мумкин, деди Bloomberg манбаси.
Ҳукмрон коалиция қарори Бундестаг томонидан маъқулланса, Германия мудофаа харажатлари ЯИМнинг 2,1 фоизигача кўтарилади ва шу тариқа НАТОга аъзо барча давлатлар учун ҳарбий харажатлар бўйича тавсия этилган 2 фоизлик кўрсаткичдан ошади.
Шольц мудофаа харажатлари учун махсус жамғарма тугаганидан кейин ҳам ҳарбий салоҳиятни сезиларли даражада кенгайтиришга ваъда берди, деб ёзади Bloomberg. Бу Германиянинг НАТОнинг Европа етакчиси сифатидаги ролини кучайтириши билан боғлиқ.
Умуман олганда Германия Украинанинг Европадаги энг йирик ҳарбий ҳомийси ва дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради. Кил Жаҳон Иқтисодиёти Институти маълумотларига кўра, Германия Украинага 17 миллиард евродан ортиқ ҳарбий ёрдам юборган (АҚШ – 20 миллиарддан сал кўпроқ).
Европа Иттифоқи Украинага ҳарбий ёрдам учун 20 миллиард еврогача (21,4 миллиард доллар) сарфлашни режалаштирмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!