Вилоятимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Китоб туманида ҳам истеъмолчиларнинг электр таъминотини янада яхшилашга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан жорий йилнинг шу давригача электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини (АСКУЭ) жорий этиш мақсадида тумандаги электр энергияси истеъмолчиларига 10721 та ушбу тизимга мос ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги ПҚ-2661-сон «Паст кучланишли электр узатиш тармоқларини реконструкция ва модернизация қилиш тўғрисида»ги Қарорига асосан 85,7 км электр узатиш тармоқларида янги қурилиш, реконструкция ва модернизация ишлари бажарилди. Шунингдек, 18 дона янги замонавий трансформатор пунктлари ўрнатилди. Бундан ташқари 115,9 км электр узатиш тармоқларида ва 48 та трансформатор пунктларида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Юқоридаги ишларнинг узвий давоми сифатида бугун “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Китоб туманига 33 км замонавий электр узатиш кабеллари (СИП) етказиб берилди. Ушбу кабеллар туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда Китоб туманидаги тегишли ҳудудларда замонавий электр узатиш тармоқларини бунёд этиш ва янгилашга йўналтирилади.

Белгиланган режалар ва чора-тадбирларга асосан ушбу йўналишдаги ишлар давом эттирилади.

Бу ҳақида “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот хизмати хабар берди.

 91 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan