15 ноябрь куни Тошкент шаҳри Марказий Осиё мамлакатларининг “ақл марказлари”, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва халқаро экспертлар “мулоқот майдони”га айланди. Шу куни Марказий Осиё экспертлари форуми бўлиб ўтди.
«Demokrat.uz» мухбири Зилола УБАЙДУЛЛАЕВАнинг маълум қилишича, форумда минтақа мамлакатларидан 100 дан ортиқ жамоат ва сиёсий арбоблар, экспертлар ҳамжамияти, оммавий ахборот воситалари вакиллари конструктив мулоқот форматида минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва вазифаларини муҳокама қилди.
Интеграция ва яқинлашув жараёнлари янги кун тартибини шакллантиради, янги масалаларни ўртага ташлайди. Ҳукуматлар, парламентлар ва бошқа тузилмалар томонидан муайян тармоқни, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия ва концепцияларни ишлаб чиқишда мутахассислар кўмаги талаб этилади. Бунда Марказий Осиёда фаолият юритаётган “ақл марказлари” салоҳиятидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Миллий ва хорижий экспертлар Марказий Осиё мамлакатларида барқарор ривожланишни таъминлаш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш, амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишда таҳлилий-тадқиқот марказларининг иштирокини кўриб чиқди. Уларнинг фикрича, минтақада ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, замон чақириқларига умумий ёндашувни ишлаб чиқишда “ақл марказлари” (think tanks) муҳим ўрин тутади. Марказий Осиёдаги вазиятни таҳлил қилишда минтақавий мустақил экспертлар вазирлик ва идоралар, давлат “ақл марказлари” томонидан илгари суриладиган “биринчи фикр (ёки қараш)”га “муқобил фикр (ёки қараш)”ни ҳам бериши мумкин.
Кўп ҳолларда айнан тадқиқот марказлари Марказий Осиё давлатлари билан C5+1 форматлари доирасида ҳамкорлик қилувчи АҚШ ва Япония ҳукуматларига, шунингдек, Марказий Осиё бўйича ўзининг янги Стратегиясини амалга ошираётган Европа Иттифоқига ғоя ва таклифларни етказиб беради.
Минтақадаги нодавлат экспертлар баҳосига ортиб бораётган эҳтиёжни қондириш мақсадида Форум иштирокчилари “Марказий Осиё мустақил экспертлар альянси” платформасида экспертлар тармоғини яратиш ташаббуси билан чиқди. Тармоқнинг ўзига хослиги Марказий Осиёдаги асосий жараёнларни умумминтақавий даражада ўрганиш бўлади.
Тадбир якунида минтақавий ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш ғояларини илгари сурувчи Марказий Осиё эксперт-таҳлилчилари тармоғини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!