Foto, O‘zbekiston, Yangiliklar

Самарқандда милоддан аввалги даврга тегишли ҳарбий истеҳком топилди

Самарқандда милоддан аввалги даврга тегишли ҳарбий истеҳком топилди
Фото: Паст Дарғом тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида жойлашган «Қўйтепа» тепалиги ўрнидан милоддан аввалги ИИИ-ИИ асрга тегишли ҳарбий истеҳком топилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, айни пайтда ушбу жойда италиялик ҳамда самарқандлик археолог олимлар илмий экспедиция олиб бормоқда. Илмий қидирув жараёнида ҳудуддан қала деворлари, катта кўза, коса, кичик ҳайкалча топилди. Ушбу тарихий объект ташқи душманлардан ҳимояловчи ҳарбий истеҳком бўлган.

Фото: Паст Дарғом тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Туман ҳокими Шунқор Худойбердиев ушбу объектда бўлиб, олимлар билан учрашув ўтказди. Олис юртдан келиб, тупроқ остида яшринган тарихни очишда кўмаклашаётгани учун хорижлик олимларга ўз миннатдорчилигини билдирди.

Фото: Паст Дарғом тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Шунингдек, туман ҳокимлиги олимларга илмий қидирув жараёнида зарур бўлган моддий-маънавий кўмак беришга тайёрлигини билдирди. Жумладан, ҳоким тепаликни ташқи таъсир, жумладан, ёмғир, қорлардан ҳимоя қилиш учун тарихий объект устига темир панжара ўрнатиб, устини тўлиқ ёпиб беришни ўз зиммасига олди.