Адлия вазирлиги Ўзбекистонга хорижликларнинг келиш оқими кўпайгани сабабли ижара нархи оширилишига муносабат билдирди
Ўзбекистонга 2022 йил центябр ойидан бошлаб хориждан келувчи фуқаролар оқими кўпайиши фонида турар-жой нархи кескин кўтарилди. Адлия мазкур вазиятда ижара берувчиларнинг нархни асоссиз оширишига муносабат билдирди.
Вазирликнинг эслатишича, уй-жой эгаларининг ушбу ҳаракатлари Фуқаролик кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузилишига сабаб бўлади. Шунингдек, расмий идора квартираларни ижарага беришнинг айрим муҳим ҳуқуқий асослари тўғрисида маълумот берган.
Квартирани ижарага бериш бўйича шартнома шакли
- Уй-жойни ижарага бериш шартномаси ёзма шаклда тузилади.
- Бунда шартнома солиқ органларида давлат ҳисобига қўйилиши керак.
- Шартномани давлат ҳисобига қўйиш ижара.солиқ.уз портали орқали бепул амалга оширилади.
- Шартномани давлат ҳисобига қўйиш ижарага берувчининг мажбурияти ҳисобланади ва бу шартнома тузилган кундан 3 кундан кечиктирмай амалга оширилиши керак.
- Ижарага берувчи шартномани давлат солиқ органларида ҳисобга қўймаса БҲМнинг 5 бараваридан (1 млн 500 минг сўмдан) 10 бараваригача (3 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ижара шартномасининг муддати
- Уй-жойни ижарага бериш шартномаси 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади.
- Шартномада муддат кўрсатилмаган бўлса, у 5 йилга тузилган ҳисобланади.
- Ижарага олувчи янги муддатга шартнома тузишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади.
Ижара учун тўланадиган ҳақ
- Ижара ҳақи миқдори ижарага берувчи ва ижарага олувчининг ўзаро келишувига биноан шартномада белгилаб қўйилади.
- Ижара ҳақининг миқдори бир томонлама ўзгартирилишига йўл қўйилмайди.
- Ижара пули шартномада кўрсатилган муддатларда тўланиши керак.
Шартномани бекор қилиш
- Ижара шартномаси тарафларнинг келишуви билан бекор қилинади.
- Ижара шартномасини ижарага берувчининг талаби билан бекор қилиш муайян асосларга кўра фақат суд тартибида амалга оширилади.
Бу асослар жумласига қуйидагилар киради:
- ижара пули олти ой ёки қисқа ижарада эса шартномадаги муддатдан кейин 2 мартадан кўпроқ ҳақ тўланмаган бўлса;
- уй-жой вайрон қилинса ёки унга путур етказилса;
- уй-жойдан ғайриқонуний мақсадлар учун фойдаланилган бўлса.
Ижарага олувчи уй-жойдан бошқа мақсадда фойдаланса ёки қўшниларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини бузса, ижарага берувчи ижарага олувчини қоидабузарликка йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантириши мумкин.
Ижарага олувчи огоҳлантириш олганлардан кейин ҳам қоидабузарликларни давом эттирса, ижарага берувчи шартномани суд тартибида бекор қилишга ҳақли. Юқоридагиларга кўра, шартнома шартларини бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
Ижарага берувчилар томонидан квартирадан чиқиб кетиш ёки кўпроқ ҳақ тўлашга оид ноқонуний талаблар устидан фуқаролик ишлар бўйича судларга мурожаат қилиш орқали бузилган ҳуқуқларни тиклаш мумкин.
«Ҳужжатларни, шу жумладан даъво аризасини расмийлаштириш бўйича амалий ёрдам олиш учун адлия органларига ҳамда «Мадад» ННТ ва унинг ҳудудий бюроларига (+99871 256 52 53, advice.uz) мурожаат қилишингиз мумкин. Адлия ҳужжатларга ёрдам беради!
Ҳурматли мулкдорлар! Ўз манфаатларингиз ҳисобига бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказиб қонунчилик талабларини бузмасликка чақирамиз», — дейилади муносабатда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!