O‘zbekiston, Yangiliklar

Ўзбекистонда оила қураётганлар камайиб, ажралишлар сони кўпайган

Ўзбекистонда оила қураётганлар камайиб, ажралишлар сони кўпайган

2022 йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистонда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан никоҳлар сони 4,7 фоизга камайган, ажралишлар эса 18,7 фоизга ошган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, январь-cентябрь ойларида юртимизда 197 013 та никоҳ қайд этилди. Бу 2021 йилнинг шу даврига (206,7 минг) нисбатан 4,7 фоизга кам. 1000 аҳолига никоҳланиш даражаси 7,4 промилле (ўтган йили — 7,9 промилле) ни ташкил этди.

(Промилле — бирон-бир соннинг мингдан бир улуши ёки фоизнинг ўндан бир қисми).

Никоҳлар сони бўйича тўртдан уч қисмида Самарқанд вилояти етакчи бўлиб, бу ерда 22 329 та никоҳ қайд этилган. Кейинги ўринларда Фарғона — 20955 та ва Қашқадарё вилоятлари — 20298 та никоҳ тузилган.

Шу билан бирга, 34 464 та ажралишлар қайд этилган, бу 2021 йилнинг 9 ойига нисбатан (29031 та) 18,7 фоизга кўп, дейилади маълумотда.

Ҳудудлар бўйича энг кўп ажралишлар Тошкент шаҳрида — 4433 та ва Фарғона вилоятида — 3979 та қайд этилган. Ҳар 1000 нафар аҳоли сонига нисбатан пойтахт ва Сирдарё вилояти бу кўрсаткич бўйича етакчилик қилмоқда — 2 промилле.

Сўнгги йилларнинг дастлабки уч чорагидаги никоҳлар ва ажралишлар статистик маълумотларига эътибор қаратадиган бўлсак, 2017−2019 йилларда ушбу даврдаги никоҳлар сони барқарор равишда ўртача 194,5 мингтани, ажралишлар эса 23,6 мингтани ташкил этганини кўриш мумкин. 2020 йилдаги пандемия йилида никоҳлар сони 184 мингтага, ажралишлар эса 20 мингтага қисқарди.

2021 йилда, яъни тўққиз ойда никоҳлар сони кескин ошиб, 206,7 мингтага етган, бироқ ажрашган жуфтликлар сони ҳам ошган — 29 мингта. Жорий йилда ажралишлар сони ўсишда давом этди, никоҳланиш статистикаси эса камайди.