Бугун, 17 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, тақдимотлардан биринчиси Олимпия шаҳарчаси ҳақида бўлди. Бу мажмуа 2025 йилда Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларини ўтказишга мўлжалланган. Шунга мувофиқ, халқаро спорт федерациялари талабларига жавоб берадиган олимпия стадиони, ёпиқ ва очиқ мажмуалар, сув спорти ва эшкак эшиш ҳавзалари, машғулот жойлари қурилиши лойиҳалаштирилган.
Бу галги тақдимотда мазкур йирик лойиҳанинг ташкилий-молиявий жиҳатлари кўриб чиқилди. Мутасаддилар бу борада хорижий компанияларнинг таклифлари, қурилиш материаллари ва спорт жиҳозларини етказиб бериш жадваллари ҳақида ахборот берди.
Давлат раҳбари Олимпия шаҳарчасини қуриш билан бирга кейинчалик ундан самарали фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
“Аввало, ишларни аниқ режали қилиб, мажмуани сифатли қуриш, Осиё ўйинларини юқори савияда ўтказиш керак. Яна бир муҳим масала – кейинчалик бу шаҳарчадан қандай фойдаланиш. Шунинг учун мусобақадан сўнг, бу ерни ҳам мураббийлар, ҳам спортчиларни тайёрлайдиган муассасага айлантириш зарур. Маъмурий биноларда Спортни ривожлантириш вазирлиги ва федерацияларни ҳам жойлаштириш мумкин. Шунда бу ерда яхлит спорт муҳити бўлади. Ёшларимиз учун спорт иншоотлари қуриш билан бирга методикани ҳам ривожлантириб бориш керак”, деб айтиб ўтаган Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, тақдимотда Паркент туманида туризмни ривожлантириш лойиҳаси ҳам намойиш қилинди.
Бу ҳақда шу йил 22 сентябрь куни Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг сессиясида айтилган эди. Президентимиз вилоятда туризм имкониятлари жуда юқорилигини таъкидлаб, туманларда бундан фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Шунга мувофиқ, Зангиота, Чиноз, Оҳангарон, Ангрен, Паркент ва Бўстонлиқ туманларини боғлайдиган “Тошкент вилоятининг олтин ҳалқаси” ташкил этилмоқда. Масалан, Паркент туманида Кумушкон, Заркент ва Сўқоқ қишлоқлари атрофида дам олиш масканлари кўп. Лекин инфратузилма етарли бўлмагани сабабли хизматлар ривожланмаган.
Шу боис бу бўйича алоҳида бош режа ишлаб чиқилди. Унга кўра, Паркентдаги туризм ҳудудига олиб борувчи йўллар яхшиланиб, электр энергияси, ичимлик суви тармоқлари қуввати оширилади. Қаровсиз адирликларга сув чиқарилиб, соя-салқин масканлар кўпайтирилади. Умуман айтганда, инфратузилма давлат томонидан барпо этилиб, туризм учун истиқболли ҳудудлар аукционга қўйилади.
Давлатимиз раҳбари бу ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий лойиҳа эканини таъкидлаб, инфратузилмани қуриш ишларини тизимли олиб бориш учун бошқарув компанияси тузиш таклифини билдирди.
Тақдимотда Сурхондарё вилоятидаги Ҳаким ат-Термизий мақбарасида зиёратчилар учун шароитларни кенгайтириш режалари ҳам кўриб чиқилган.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!