Жиззахда ҳаракатдаги поезд «Shacman» русумли юк машинаси билан тўқнашиб, темир йўлдан чиқиб кетган. Ушбу ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ахборот хизматининг расмий каналида муносабат билдирилди.
2022 йил 20 октябрь куни соат 00.18 да Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани Нурафшон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги темир йўл кесишмасида юк поезди «Shacman» русумли юк машинаси билан тўқнашди. Оқибатда тепловоз издан чиқиб кетган, юк машинаси эса ағдарилган. Жиззах-2 — Чаманзор темир йўл бекатлари оралиғининг 3550- километри, 6- тўсиғида жойлашган қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасида рўй берган ушбу ҳодисага юк машинаси ҳайдовчисининг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмай йўлнинг чап тарафидан ҳамда светофорнинг қизил чироғи тақиқига қарамасдан ҳаракатланганлиги сабаб бўлган.
Ҳодиса туфайли тепловознинг 2 нафар машинисти тиббий ёрдам олди, шунингдек «Shacman» ҳайдовчиси шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!