Италия ҳукуматига 24 вазир тайинланди. Қизиғи шундаки, Жоржия Мелони биринчи аёл Бош вазир сифатида қасамёд қилган бўлса ҳам, унинг жамоасида аёллардан кўра эркаклар кўпроқ.
Баъзи кадрлар қарорлари Мелони сиёсатидан далолат беради. Масалан, Антонио Тажанининг янги Ташқи ишлар вазири этиб тайинланиши Мелони Европа Иттифоқи ва НАТОни қўллаб-қувватлаётганини кўрсатади. Шимол Лигаси етакчиси Маттео Салвинининг Инфратузилма вазири лавозимига кўрсатилиши, агар у бутун мамлакат бўйлаб порт маъмуриятини ҳам назорат қила олишини ҳисобга олинса, миграция масаласида қатъий позициядан далолат беради. Тасдиқлашдан олдин барча номзодлар Италия президенти Маттарелла томонидан текширилган ва ўрганилган албатта.
Ҳукумат парламентнинг Қуйи палатаси ва Сенатда ишонч вотумини олгандан кейин келаси ҳафта иш бошлайди. Франция президенти Эммануэл Макрон айни дамда Римда расмий ташриф билан бўлиб турибди. Жоржия Мелони у билан учрашиш ниятида. Аммо янги бош вазирнинг устувор вазифаси энергия нархининг ошишига қарши туришдан иборат бўлиши аниқ. Зеро, бу италияликларни жуда ташвишлантираётган асосий масалалардан бири ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, икки кун аввал, яъни 20 октябрь куни Британияда ҳукуматни 1,5 ой давомида бошқарган аёл раҳбарни истеъфога чиқишга мажбур қилишган эди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!