Хабарингиз бор, бугун, 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги Саммити бўлиб ўтмоқда. Ташкилотга аъзо мамлакатлардан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев ҳам ўз нутқида бир қатор асосий масалаларга эътибор қаратди.
«Ташкилотимиз фаолиятини оммавий ахборот воситалари орқали фаол тарғиб қилишимиз зарур. Биз туркий дунёда интеграцияни мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган ишлар кўламини бутун дунё жамоатчилигига кўрсатишимиз керак. Бу ишни етакчи халқаро агентликлар ва мамлакатларимиз оммавий ахборот воситалари иштирокида амалга ошириш мумкин.
Тан олиш керакки, ташкилотимиз фаолияти билан ҳамма ҳам яхши таниш эмас. Айни пайтда туркий ҳамкорлик ғояси жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тобора ортиб бормоқда. Дунёнинг турли бурчакларида туркий цивилизация тарихига оид қимматли далиллар тобора ортиб бормоқда.
Бу халқларимизнинг умумий меросидир. Шу боис мавжуд тарихий ва лингвистик манбаларни ўрганиш ва тизимлаштиришни муҳим вазифа, деб биламан. Илмий муассасалар ўртасида фаол ҳамкорликни йўлга қўйишимиз, уларнинг тадқиқот натижаларини жаҳон ҳамжамиятига янада кенгроқ тақдим этишимиз зарур. Ташкилотимиз фаолияти фақат дипломатик саммитлар ва якуний ҳужжатлар имзоланадиган учрашувлар билан чекланиб қолмаслиги керак. ТДТ туркий дунёни бирлаштирувчи ва яқинлаштирувчи нуфузли платформага айланиши керак, деб ҳисоблайман», деди Қозоғистон Президенти.
«Astana Hub халқаро технопарки негизида Туркий давлатлар ташкилотининг Рақамлаштириш марказини ташкил этишни таклиф қиламан. Ушбу тузилма савдо, транспорт, сув ресурсларидан фойдаланиш, ахборот хавфсизлиги ва бошқа муҳим тармоқлар учун жуда зарур бўлган рақамли ечимларни ишлаб чиқиш имконини беради.
Ушбу ташаббусни самарали амалга ошириш учун муҳим стартап лойиҳаларга сармоя жалб этадиган Туркий мамлакатлар венчур фондини ташкил этишни таклиф қиламан», деб таъкидлади Қосим-Жўмарт Тоқаев
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!