Сариқ-кўк байроқлар ва Херсон аҳолисининг қувончли овозлари — бу Украина назорати остига қайтиб келаётган ҳудуд аҳолисининг миннатдорлик кайфияти. Маълум бўилишча, Украина Қуролли Кучлари бўлинмалари уруш бошланганидан кейин Россия кучлари эгаллаб олишга муваффақ бўлган ягона минтақавий марказга киришди.
Узоқ ойлар давом этган ишғол ва Москва томонидан эълон қилинган 30 минг аскар олиб чиқиб кетилганидан сўнг, Украина Мудофаа вазирлиги қўпорувчилик ҳамда ташлаб кетилган миналардан хавотирда эканини ҳам яширмаяпти.
Украина Президенти Владимир Зеленский воқеага муносабат билдирар экан, ушбу сана тарихий кун эканини таъкидлади. Украина мамлакат жанубини — Херсуонни қайтариб олаётганини мамнуният билан қайд этди. Зеленскийга кўра, шаҳарда аллақачон махсус бўлинмалар ҳосил қилинди. Херсон аҳолиси кутгани ва Украинадан юз ўгирмаганини ҳам эслатиб ўтди. Зеро, мамлакат ҳар доим аҳолининг умидини оқлашини ва ўзиникини қайтариб олишини ҳам айтишни унутмади.
Россия босқинидан олдин жанубий шаҳар аҳолиси 300 мингга яқин эди. Мамлакат расмийлари Россияни бир неча бор ҳудуд аҳолисини депортация қилишга уринганликда айблаган.
Херсоннинг озод этилиши пойтахт Киевда, мамлакатнинг бошқа шаҳарларида, шунингдек, хориж давлатларида ҳам нишонланди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!