O‘zbekiston, Yangiliklar

Гўшт яхши, фақат ҳалол бўлса

Гўшт яхши, фақат ҳалол бўлса

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган текширувларда истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотларининг муомалага киритилишининг олди олинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг хабар беришича шу кеча кундузда бир нечта ана шундай ҳолатларнинг олди олинди.

Хусусан, Департаментининг Қибрай туман бўлими томонидан ДСИ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаролар А.Т. ва У.Х. истеъмолга яроқсиз 2 200 кг товуқ гўштини консерва маҳсулотлари ишлаб чиқариш мақсадида сақлаб келаёганликлари аниқланган.

Департаментининг Гулистон туман бўлими эса ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказганда фуқаро О.С истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган 961 кг қорамол гўштини ўзининг бошқарувидаги “Nexia” русумли автотранспорт воситасида Тошкент шаҳридаги мижозларга етказиб бериш мақсадида олиб кетаётганини аниқлаган.

Худди шундай ҳолат Департаментнинг Яккасарой туман бўлими томонидан ИИББ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирд ҳам аниқланган. Унда фуқаро Б.С. 22 дона полиэтилен қопда истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган 612 кг гўшт маҳсулотини “COBALT” русумли автотранспорт воситасида Тошкент шаҳридаги мижозларга етказиб бериш мақсадида олиб кетаётганида ушланган.

Бундан ташқари, Сирдарёда, Қўқонда, Чилонзорда ўткизилган тадбир давомида ҳам истеъмолга яроқсиз гўштларни муомалага киритишга уринишлар фош бўлган. Уларда 309,1 кг эчки, 170 қорамол ҳамда 240 қорамол ва товуқ гўштининг бозорларга кириб келишининг олди олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.