Кеча бир қатор хорижий оммавий ахборот воситаларида Польша ҳудудида ракета қулагани ва бунинг оқибати одамлар ҳалок бўлган хабарлари эълон қилинди. Айрим манбалар ракеталарнинг Россияга тегишли экани ва Польша НАТОга аъзо эканидан келиб чиқиб, дунё таҳлика остида қолаётгани ҳақида ёзишди.
Ушбу ҳодисага ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида НАТО томонидан элчилар даражасидаги фавқулодда йиғилиши ўтказилди. Йиғилишдан сўнг Йенс Столтенберг Украина ҳаво мудофаа тизими томонидан учирилган ракета Польша чегарасидаги Пржеводув қишлоғига қулаганини маълум қилди.
«НАТО Польша ва унинг иттифоқчиларига нисбатан Россиянинг атайлаб тажовуз қилиш аломатларини кўрмади. Польшадаги ҳодиса Россиянинг қасддан ҳужуми натижасида содир бўлмаган. Шунингдек, биз айни пайтда НАТОга қарши ҳужум аломатларини ҳам кўрмаяпмиз», деди ташкилот бош котиби.
Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат Украинада уруш бошланганидан бери НАТОга аъзо давлат ҳудудида биринчи қурбонларга сабаб бўлган воқеадир. Бунга Украина шаҳарларини ракеталардан оммавий ўққа тутиш сабаб бўлган.
«Польша ҳудудига қулаган ракета Украинага тегишли бўлсада, содир бўлган ҳолат Украинанинг айби эмас. Масъулият бутунлай Россия зиммасига юкланади, у ўзининг ноқонуний урушини давом эттирмоқда», деб таъкидлади Йенс Столтенберг.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!