O‘zbekiston, Yangiliklar

Игуана, тўрсимон, йўлбарс ва хондра зотига мансуб ноёб питонлар болалари юртимизга ноқонуний кириб келди

Игуана, тўрсимон, йўлбарс ва хондра зотига мансуб ноёб питонлар болалари юртимизга ноқонуний кириб келди

1 бош Нил тимсоҳи боласи, 3 бош игуана ҳамда тўрсимон, йўлбарс ва хондра зотига мансуб питон болаларини ноқонуний олиб киришга уриниш фош қилинди. Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, Мисрдан учиб келган йўловчилар орасидаги катта ёшли онахоннинг юклари орасидан ёввойи жониворлар топилган.

Яъни, йўловчига тегишли багаж назорат-рентген ускунаси орқали кўздан кечирилганида, юклар орасидаги 2 та ширинлик қутисининг  экрандаги тасвири шубҳа кўринади. Шундан сўнг эндоскоп кўмагида қутини очмасдан туриб, унинг ичида нима борлиги сиртдан кўздан кечирилди.

Жониворларни олиб ўтишга уринган шахс буни бировнинг илтимосига биноан маълум бир ҳақ эвазига қилганини айтган.

Дастлаб жониворлар вазни, узунлигига доир маълумотлар қайд этилди. Уларнинг ҳолати кўздан кечирилди. Иссиқ иқлим шароитларига мослашган жониворлар самолётнинг ҳарорат паст даражада бўладиган юкхонасида келтирилгани сабабли карахт ҳолатда. Илонлар ва игуаналардан айримларининг таналари замбуруғлар билан касалланган.

Дунё бўйлаб жуда ноёб ҳисобланадиган хондра питони танасида эса мутахассислар электрон чип ўрнатилганини тахмин қилишмоқда. Ёки бу шунчаки номаълум ўсимта ҳам бўлиши мумкин.

Мазкур ҳолатда олиб қўйилган ноёб жониворларнинг баҳоси дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда тахминан 77 млн. сўмдан ошмоқда.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.