Навоий шаҳрида Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.
Давлат раҳбари нутқининг аввалида меҳнаткаш, бағрикенг, кўпмиллатли вилоят аҳлига чуқур ҳурмат ва эҳтиромини билдирди.
Навоийда охирги уч йилда 2 миллиард долларлик йирик саноат лойиҳалари ишга тушгани таъкидланди. Бунинг натижасида 10 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди, йилига қўшимча 1 триллион сўм солиқ тушуми ва 100 миллион доллар экспорт пайдо бўлди.
Яқинда ишга тушган “Балпан-тоғ” ва “Томди-булоқ” конларидан йилига 3 миллион тоннадан олтинга бой маъдан қазиб олинади.
Шунингдек, Навоий кон-металлургия комбинатида Турбай конини кенгайтириш бўйича 130 миллион долларлик лойиҳа ишга тушириш арафасида турибди. Пистали конида олтинни қайта ишлаш бўйича 275 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда.
Карманада 35 миллион долларлик калий нитрат ишлаб чиқариш лойиҳаси, Қизилтепада 10 миллион долларлик қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳамда Томдида 70 миллион долларлик фосфорит ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Келгуси йилда 140 миллион долларлик калий сульфат, полиакрил тола, қуруқ цианит тузи чиқариш каби лойиҳалар ишга тушади.
Давлат раҳбари вилоятдаги айрим ечимини кутаётган масалаларга тўхталди.
Вилоят иқтисодиёти фақатгина йирик корхоналарга қараб қолмаслиги кераклиги таъкидланди. Тадбиркорликни кўпроқ ривожлантириш, бўш ётган ер участкаларидан самарали фойдаланиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Навоийда саноатни янада ривожлантириш учун жуда катта захира ва имкониятлар бўлгани билан, улар тўлиқ ишга солинмаётгани қайд этилди. Ишсиз ёшлар ва ёрдамга муҳтож аёллар касбга ўқитиш, бандлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Қишлоқ хўжалигида мавжуд салоҳият тўлиқ ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилди. Навоий ҳудудида 8,5 миллион гектар яйловлар бўлгани билан қўйчилик ва қоракўлчилик вилоятнинг драйверига айлангани йўқ.
Ижтимоий соҳада ҳам аҳолини қийнаётган масалалар етарли. Биргина “Ташаббусли бюджет” доирасида 326 та маҳалла томонидан 2 минг 346 та энг долзарб муаммо кўтарилган.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!