Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига келиб, Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ташриф давомида Қуръон тиловат қилиниб, Аллоҳ таолодан ўтганларга раҳмат, юртга тинчлик-фаровонлик тилаб дуо ўқилган.
«Ҳамма жойларга бориб, соҳаларга туртки бериб, муаммоларни ҳал этиб, халқни рози қилишга ҳаракат қиляпмиз. Бугун Бухорога ҳам янги марраларни белгилаш, одамларнинг бирини икки қилиш учун келдик. Ҳамма хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин», дейди Шавкат Мирзиёев.
Олимлар билан суҳбатда диний таълимни ривожлантириш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарурлиги таъкидланди.
«Охирги йилларда ҳамма соҳалар қатори дин бўйича ҳам очиқлик, эркинлик берилди, бир нечта илмий марказлар ташкил этдик. Лекин булардан халқимизга нима манфаат бўлаяпти? Манфаат шундай бўлиши керакки, бу салоҳиятни жамиятга етказиш керак. Бухорий, Мотуридий, Марғиноний каби буюк боболаримиз меросига таянган ҳолда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарур. Бунинг учун диний таълимни амалиёт билан боғлаш, илмий марказларимизни дунёда етакчиларга айлантириш керак», дейди давлат раҳбари.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!