Самарқанд вилоятида радиоактив қурилмани бир миллион долларга пулламоқчи бўлган шахслар ушланди. Бу ҳақида вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ЖҚБ Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида радиоактив ва заҳарли қурилмаларни сотиш билан шуғулланиб келган шахслар қўлга олинди.
Андижон вилоятида туғилган, муқаддам ЖКнинг бир неча моддалари билан судланган М.С. андижонлик шериги Р.С. ҳамда Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро Ж.О. ўзаро тил бириктирган ҳолда жиноий гуруҳ тузиб, катта даромад топишни режалаштирган.
Маълум бўлишича, Р.С. жиноий шериги М С нинг таклифига кўра, Андижон вилоятидаги танишидан гўёки ҳарбий мақсадда фойдаланиладиган радиоактив ва заҳарли қурилмаларни Самарқанд шаҳрига олиб келиб, ишончли харидор топилгунига қадар Самарқанд шаҳридаги меҳмонхоналардан бирида яшаб келган.
Кейинчалик, М.С. Самарқанд шаҳридаги таниши Ж.О. орқали мазкур мосламаларни умумий ҳисобда 1 миллион АҚШ доллари эвазига маҳаллий фуқарога сотишга келишиб, олдиндан 200 000 АҚШ доллари сўраган. Бу шахслар ичида 1 кг симоб моддаси бўлган қўлбола усулдаги қурилмани 200 000 АҚШ доллари эвазига маҳаллий фуқарога сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилган хабарда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!