Сурхондарёда университет талабаси банк картасидан 75 миллион сўм миқдордаги пул маблағини ечиб олди, дея хабар бермоқда ИИВ Киберхавфсизлик хизмати.
Қайд этилишича, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида яшовчи М.Ш. ариза билан мурожаат қилиб, номаълум шахс унинг банк картасидан 75.700.000 сўм пулларини ечиб олганлигини билдириб, номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришликни ва пулларни қайтаришда ёрдам сўраган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлар давомида, ушбу жиноятни университет 4 курс талабаси, 1997 й.т. М.А томонидан содир этилганлиги аниқланди.
М.А. ушбу жиноий режасини банк филиалларидан бирида амалёт ўтаётган вақтида тузганлигини маълум қилиб, банк тизими орқали нотаниш шахс номидаги банк картасини фаоллаштиргани ва жабрланувчига қўнғироқ қилиб банк ходими эканлигини билдириб смс-хабарномани қўлга киритган ҳамда мавжуд бўлган барча пулларни номаълум шахс номига расмийлаштирилган банк картасига ўтказиб олиб турли банкоматлар орқали пулларини ечиб олганлигини билдирган.
Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!