Бугун 28 феврал куни Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақида палата матбуот хизмати маълумотлари асосида хабар берамиз.
Мажлисда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан ўн саккиз ёшга тўлмаган жабрланувчининг номусига тегиш ёки унга нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирган ёхуд уни жинсий алоқа қилишга мажбур этган ёки фоҳишаликка жалб қилган, вояга етмаган шахс тавсифланган порнографик маҳсулотни тайёрлаган шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш, номусга тегиш ёхуд жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, ўн олти ёшга тўлмаганга нисбатан уяциз-бузуқ ҳаракатлар қилиш жиноятлари учун жазо чоралари оғирлаштирилмоқда. Шунингдек, шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, «Юксалиш» ҳаракати раиси, Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов педофилларга чора кўрилиши юзасидан фикр билдирди:
«Бугун аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилдик. Қонуннинг қабул қилиниши шубҳасиз, жамиятимизда зўравонликка барҳам бериш йўлида муҳим қадам бўлади. Шу билан биргаликда, педофилияга қарши курашиш чораларини янада кучайтиришимиз шарт», дейди у.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!