Наманган вилоятидаги газ тўлдириш шохобчалари фаолияти тўхтатилмайди, аксинча уларнинг иш фаолияти узлуксизлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Бу ҳақида Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур муносабат Наманганда газ қуйиш шаҳобчалари фаолияти 2-3 кунга чекланиши мазмунидаги хабарлар эълон қилингач, вазирлик томонидан билдирилди.
Қайд этилшича, ушбу хабар мутлақо асоссиз бўлиб, бугунги кунда нафақат Наманган вилоятида, балки республика бўйича газ тўлдириш шохобчалари фаолияти тўхтатилиши кўзда тутилмаган.
«Ҳозирда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа обектлари етарли босимда табиий газ таъминотига эга бўлганлиги учун газ тўлдириш шохобчалари фаолиятини тўхтатишга эҳтиёж мавжуд эмас», дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, Фарғона водийсидаги газ шаҳобчаларининг ишлаш вақти босқичма-босқич узайтирилиб, бугунги кунда 14-15 соатдан (соат 7:00дан 21:00гача) фаолият юритмоқда ва яқин кунларда уларнинг иш фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!