Jahon, Yangiliklar

Мисрдаги Хеопс пирамидасида янги йўлак аниқланди

Мисрдаги Хеопс пирамидасида янги йўлак аниқланди

Мисрдаги машҳур Хеопс пирамидасида янги йўлак топилди, деб хабар бермоқда “Ал-Аҳрам” газетаси Миср туризм ва қадимий ашёлар вазири Аҳмад Исога таяниб.

Йўлакнинг узунлиги тўққиз метр, кенглиги эса 2,1 метрни ташкил қилади. У 2015 йилда бошланган Гиза ёдгорликларини сканерлаш пайтида топилган.

Аҳмад Исонинг қўшимча қилишича, бу иш вазирлик, Миср Қадимий ашёлар олий кенгаши ҳамда АҚШ, Франсия, Япония, Германия ва Канада университетлари ҳамкорлигида амалга оширилган.

Гиза пирамидаси мажмуасининг ёши 4500 йилдан ошади. У Қоҳира яқинидаги Нил дарёсининг ғарбий соҳилидаги худди шу номдаги платода жойлашган бўлиб, IV сулола (тахминан милоддан аввалги 2639-2506 йилларда ҳукмронлик қилган) фиръавнларининг пирамидаларидан иборат: Хеопс, Хефре ва Микерин.

Биринчисининг қабри (тахминан милоддан аввалги 2579-2556 йилларда яшаган фиръавн Хуфу номининг юнонча версияси) учта Буюк Пирамиданинг энг каттаси ва энг қадимгисидир. Унинг дастлабки баландлиги 147 метр бўлган. У ҳар бирининг ўртача оғирлиги 2,5 тонна бўлган 2,3 миллион оҳактош блокларидан иборат. Фиръавннинг мумияси ҳали топилмаган.