«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати мутахассислари Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институти экспертлари билан ҳамкорликда давлат тузилмалари ва ташкилотларидаги раҳбар аёллар рўйхатини янгилади.
Раҳбар аёлларнинг кучли қирқталигига бир неча нодавлат тузилмалари вакилалари ҳам киритилди. Зеро, улар давлат сиёсатини шакллантиришда ва қарорлар қабул қилишда фаол иштирок этмоқда.
Ўрганиш натижалари мамлакатимизда тузилмавий ва институционал ўзгаришлар изчил давом этаётганини, гендер тенглик соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилаётганини, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ўрни ва мавқеи ортиб бораётганини тасдиқлайди.
Сиёсий партияларда хотин-қизлар улуши 47 фоизга, олий таълимда 40 фоизга, тадбиркорлик фаолиятида эса 37 фоизга етди. Раҳбар лавозимларда ишлаётган аёллар улуши — 33 фоиз. Бугунги кунда 2 мингга яқин давлат ва жамоат ташкилотларига аёллар раҳбарлик қилмоқда.
Бундан ташқари, мамлакат Сенатини аёл киши бошқармоқда. 2021 йилда Ўзбекистон тарихида биринчи марта миллий парламентдаги хотин-қизлар сони қарийб 32 фоизга етди (деярли икки баравар ўсган). Ушбу кўрсаткич бўйича дунёдаги 190 та парламент орасида 37-ўринга кўтарилди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!