Гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши тадбирлар ўтказилди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.
Қайд этилишича, ДХХнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона ва ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “Сурхондарё – Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган Денов шаҳрида яшовчи фуқаро бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашина “Сирдарё” ЙПХ масканида тўхтатилиб, текширилди.
Натижада автомашина салонида 999 гр. “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Мазкур шахс муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун жазо муддатини ўтаган бўлсада, хатоларидан тўғри хулоса чиқармаган.
Бошқа бир ҳолатда эса Қирғиз Республикаси фуқароси 395 гр. “гашиш” моддасини контрабанда йўли билан Ўзбекистонга олиб келиб, Олтинкўл туманида яшовчи аёл билан биргаликда уни сотишни режалаштиради.
ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда улар 186 гр. “гашиш” моддасини Андижон шаҳрида яшовчи муқаддам судланган шахсга 1 минг 600 АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 600 АҚШ доллари олган вақтларида ушланди. Шунингдек, аёлнинг уйидан наркотик модданинг қолган 209 гр. қисми ҳам тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда пойтахт ҳудудида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланувчи 3 нафар шахс ушланиб, улардан 19 минг 340 дона “Зардекс” дори воситаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Аниқланишича, ушбу кучли таъсир қилувчи дори воситалари Қирғиз Республикасидан олиб келинган.
Бундан ташқари, Қибрай туманида яшовчи муқаддам судланган шахс бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашина пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида ҳаракатланаётган вақтида ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси, шаҳар ИИББ Йўл-патруль хизмати ҳамда Миллий гвардия ходимлари томонидан тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Натижада автомашина салонида Қирғиз Республикасидан келтирилган 1 минг 666 дона “Регапен” ва 134 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!