Лос-Анжелесда 95-Оскар мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди. Ғолиблар ABC телеканалида жонли равишда эълон қилинди.
Даниел Кван ва Даниел Шейнертнинг “Барчаси. Ҳар жойда. Бир вақтда.” филми энг яхши филм деб топилди. Бу йил ўнта филм номинацияга сазовор бўлди: Эдвард Бергернинг «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ», Жеймс Кемероннинг “Аватар: сув йўли”, Мартин Макдонанинг «Банши Инишерин», Баз Лурманнинг «Элвис», Стивен Спилбергнинг «Фабелманлар», Тодд Филднинг «Тар», Жозеф Косинскининг «Топ гун: Меверик», Рубен Оестлунднинг «Ғамгинлик учбурчаги» ва Сара Поллейнинг «Аёллар нутқи» филмлари.
Кван ва Шейнерт , шунингдек, энг яхши режиссёрлик учун Оскарни олишди. Номинацияда ғолиблик учун Тодд Филд (Тар), Мартин Макдона (Инишерин Баншилари), Рубен Остлунд (Ғамгинлик учбурчаги) ва Стивен Спилберг (Фабелманлар) ҳам кураш олиб боришди.
Энг яхши актёрлар ва актрисалар
Даррен Аронофскийнинг “Кит” филмида бош ролни ижро этган Брендан Фрейзер “Йил актёри” деб топилди. Бошқа номзодлар орасида Остин Батлер (Элвис), Колин Фаррел (Инишерин Баншилари), Пол Мескал (Менинг қуёшим) ва Билл Ниги (Яшаш) бор эди.
Мишел Еоҳ “Энг яхши аёл роли” номинациясида “Барчаси. Ҳар жойда. Бир вақтда” филмидаги бош роли учун ғолиб чиқди. Ундан ташқари, Кейт Бланчетт (“Тар”), Ана де Армас (“Сариқ”), Андреа Райсборо (“Лесли учун”), Мишел Уилямс (“Фабелманлар”) мукофотга номзод бўлган.
Америка кино академияси маълумотларига кўра, энг яхши иккинчи пландаги актриса «Барчаси. Ҳар жойда. Бир вақтда» филмида ўйнаган Ке Хуй Куан бўлди. Актриса Жейми Ли Кертис худди шу филмдаги энг яхши иккинчи пландаги роли учун ҳайкалча олди.
Оскарнинг бу йилги рекордчиси
«Барчаси. Ҳар жойда. Бир вақтда.» картинаси еттита ҳайкалчани олиб, мукофотлар сони бўйича рекордчига айланди. Филм “Энг яхши филм” ва “Энг яхши режиссёр” мукофотларидан ташқари “Энг яхши оригинал ссенарий” ва “Энг яхши монтаж” йўналишларида ҳам ғолиб чиқди. Филмда ўйнаган актёрлар ҳам учта ҳайкалчани олишди: Мишел Еоҳ, Ке Хуи Кван ва Жейми Ли Кертис.
“Оскар-2023” мукофотлари сони бўйича иккинчи ўринни Эрих Мария Ремаркнинг шу номдаги романи асосидаги режиссёр Эдвард Бергер суратга олган «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» немис филми эгаллади. Мазкур филм энг яхши хориж филми деб топилди. Бундан ташқари, филм энг яхши операторлик ва энг яхши продюсерлик учун мукофотни қўлга киритди. Шунингдек, немис филмига мусиқа ёзган бастакор Волкер Бертелманн ҳам энг яхши оригинал саундтрек учун мукофотни қўлга киритди.
Бошқа номинациялар
Американинг қўғирчоқ таетру ҳақидаги мултфилми «Пиноккио» “Энг яхши анимацион филм” мукофотини қўлга киритди. Қисқа метражли анимацион филм учун “Оскар” мукофоти “Бола, кўрсичқон, тулки ва от” филмига насиб этди.
Канадалик режиссёр Даниел Роернинг “Навалний” филми “Энг яхши ҳужжатли филм” номинациясида мукофотига, Том Беркли ва Росс Уайтнинг “Ирландиялик видолашув” филми “Энг яхши қисқа метражли филм” мукофотига сазовор бўлди.
Энг яхши макияж ва соч учун мукофот Даррен Аронофскийнинг “Кит” филмига, энг яхши костюм эса Раян Куглернинг “Қора пантера: Ваканда абадий” филмига насиб этди.
«Топ Ган: Маверик» энг яхши овоз, “Аватар: Сув йўли” эса “Энг яхши визуал эффектлар” номинациясида ғолиб бўлди.
Ушбу 95-Оскар мукофотини топшириш маросими дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакатларида томоша қилинган. 2022-йил 21-декабрда ташкилотчилар қисқа рўйхатларни эълон қилишган эди, 2023-йил 24-январда эса номзодлар маълум бўлди. 2023-йил 2-мартдан 7-мартгача асосий овоз бериш бўлиб ўтди ва ғолиблар аниқланди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!