Навоий вилоятида таълим тизимида иш ҳақларини ноқонуний ҳисоблаб, бюджет маблағларини талон-торож қилган мансабдор шахслар аниқланди. Бу ҳақда Коррупсияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълу қилинишича, Навоий вилоятида яшовчи фуқаро Н.О. вилояти Хатирчи тумани халқ таълими бўлими мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларидан ҳамда бўлимдаги муҳитдан норози бўлган. У бу ҳақда Президент Виртуал қабулхонасига мурожаат йўллаган. Ушбу мурожаат Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан кўриб чиқилган.
Ўрганиш натижасига кўра, муаллифнинг шикояти ҳамда тўпланган ҳужжатлар ваколат доирасида кўриб чиқиш учун тегишли идораларга юборилган.
Шунга асосан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Навоий вилояти бошқармаси томонидан терговга қадар текшириш ўтказилган. Унда Хатирчи тумани халқ таълими бўлими мансабдор шахслари ўзаро жиноий тил бириктиргани маълум бўлди.
2022 йил июнь-декабрь ойларида улар 43,6 миллион сўм миқдоридаги рағбатлантириш ва иш ҳақини ноқонуний ҳисоблаб, бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан халқ таълими бўлими мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисм «г» банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда ушбу жиноят иши бўйича прокуратура идоралари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!