O‘zbekiston, Yangiliklar

Давлат идоралари босқичма-босқич Янги Тошкентга кўчирилади

Давлат идоралари босқичма-босқич Янги Тошкентга кўчирилади

Шавкат Мирзиёев айни пайтда «Янги Тошкент» лойиҳаси қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида нутқ сўзламоқда.

Тошкент вилоятининг чегарадош туманлари ҳисобидан пойтахт ҳудудини босқичма-босқич кенгайтириб, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида «Янги Тошкент» лойиҳаси амалга оширилади.

Бу лойиҳани амалга ошириш учун танлаб олинган ҳудуд денгиз сатҳидан 500 метр баланд бўлиб, шаҳарга яқинлиги, ўз иқлими, баҳаволиги ва икки дарё ўртасида жойлашгани билан ноёб ҳисобланади.

Ҳозирги Тошкент 43 минг гектар худудни эгаллайди. «Янги Тошкент» лойиҳаси доирасида қўшимча 20 минг гектарда 1 миллион аҳоли яшаши учун қулай шароит яратилади ва шунга мос инфратузилма билан таъминланади.

Хусусан, биринчи босқичда 60 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, 30 та мактаб, 20 та болалар боғчаси, кўп тармоқли шифохона ва 5 та оилавий поликлиника барпо этилади.

Янги Ўзбекистон университети, Миллий кутубхонанинг янги бинолари, театр, ижод мактаблари, савдо ва сервис марказлари ҳам шу ерда жойлашади.

Босқичма-босқич давлат идоралари ҳам Янги Тошкентга кўчиб боради.

Уларнинг ҳозирги бинолари ўрнида меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш ва савдо объектлари очилиб, Тошкент замонавий туризм ва бизнес марказига айланади.