O‘zbekiston, Tahlil

Ўзбекистонда аттракционлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар кўпаймоқда. Ўтмишдаги фожеаларни унутдикми?

Ўзбекистонда аттракционлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар кўпаймоқда. Ўтмишдаги фожеаларни унутдикми?

Шу ҳафта ичида Ўзбекистонда кетма-кет иккинчи марта аттракционлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса содир бўлди. Ҳодисалар оқибатида вафот этиш ҳолатлари кузатилмади. Аммо бундай ҳолатларнинг бўлаётгани, айниқса, Ўзбекистонда фасллар алмашиб, ҳаво исиб, ушбу техникаларга талаб ортаётган бир пайтда содир бўлиши одамларни чўчитади.

Биринчи ҳолатда, шу йилнинг 26 март куни Бухоро вилоятида эр-хотин ва уларнинг фарзанди ўтирган аттрацион узлиб, кетиб 6 метр узоқликка учиб кетди.

Бухоро шаҳар Хўжағунжорий маҳалласида жойлашган “Сомонийлар” истироҳат боғи ҳудудидаги “Твистер” номли чархпалак аттрационидаги битта арғимчоқ ўз ўқи атрофидан чиқиб, тахминан 6 метр узоқликка учиб кетиб, ўша пайтда арғимчоқда бўлган Қ.С., унинг турмуш ўртоғи Х.А. ва уларнинг фарзанди Ф.А. тан жароҳати олгани аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилаётгани хабар қилинди.

Кейинчалик воқеа юзасидан Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси («Контехназорат») баёнот берди.

Қайд этилишича, Бухоро шаҳридаги “Сомонийлар” маданият ва истироҳат боғидаги аттракционлар, шу жумладан, “Халиков Шуҳрат” Якка тартибдаги тадбиркорга қарашли бўлган “Твистер” аттракционининг хавфсизлик ҳолатини ўрганиш бўйича профилактик тадбир ўтказилган.

Натижада ушбу аттракцион статик ва динамик синовлардан ўтказилмагани, аттраксиондан фойдаланиш учун белгиланган тартибда рухсатнома олинмагани, ундан хавфсиз фойдаланиш бўйича жавобгар шахс тайинланмагани аниқланган.

Ўрганиш ўтказган ишчи гуруҳ томонидан ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатма берилган ҳамда аттракциондан фойдаланиш тақиқланган.

Шунга қарамасдан аттракциондан ўзбошимча фойдаланиш давом этган ва жавобгар шахс томонидан кундалик техник назорат амалга оширилмаган. Оқибатда аттракцион ўриндиқларини тутиб турувчи металл мослама ички томонидан емирилиб, аттракцион корпусидан узилиб кетган ва бир оила (3 киши) тан жароҳати олган.

“Ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан текширув олиб борилмоқда. «Контехназорат» томонидан “Халиков Шуҳрат” ЯТТга қарашли “Твистер” аттракциони текширувини ўтказиш бизнес вакил билан келишилмоқда”, дейилган эди хабарда.

Иккинчи ҳолат ҳақида хабарлар анча кеч маълум бўлди. Жорий йил 23 март куни Фарғона вилояти Риштон туманидаги марказий истироҳат боғида 18 ёшли қиз “Пиратский корабл” номли аттрационда учаётиб, эҳтиётсизлик оқибатида аттрациондан тушиб кетган.

Эҳтиётсизлик оқибатида тан жароҳати олган қиз туман тиббиёт бирлашмасининг қабул бўлимига олиб келинган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Риштон тумани ИИБ томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган ва Н.О.нинг олган тан жароҳати бўйича судга оид тиббий экспертиза тайинланган.

Ҳодиса сабабларини аниқлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинган ёки қилинмаганлигини аниқлаш юзасидан Бандлик бошқармасига тегишли ҳужжатлар тақдим этилган.

Ҳозирги кунда вояга етмаган Н.О. Бағдод туман тиббиёт бирлашмасида шифокорларнинг назоратида даволанмоқда ва аҳволи яхшиланяпти.

Ҳолат юзасидан Риштон тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда олдин ҳам аттракционлар билан боғлиқ бахтсиз воқеалар кўп бўлган. 2019 йилда Жиззахда қизнинг ўлими билан боғлиқ аттрационнинг узилиб кетиши ҳеч кимнинг эсидан чиқиб улгурмаган бўлса керак.

2019 йилнинг 28 июн куни соат 12:05да Жиззах шаҳри, Наврўз маҳалласи ҳудудидаги «Истиқлол» болалар боғида «Учар ликопча» аттрациони тутқичи синиб, ерга қулаган. Бахстиз ҳодиса оқибатида 20 ёшли қиз фожиавий тарзда ҳаётдан кўз юмган.

Бундан ташқари, ўша йилнинг октябр ойида Наманган вилоятида аттракцион билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса юз берган. Воқеа 30 сентябр куни соат 15:40 ларда содир бўлган. Истироҳат боғида қурилиши тўлиқ битказилмаган “Spin block” аттрационида тест синови ўтказилаётган бўлган. Эля Халикова исмли 18 ёшли қиз синов тариқасида ҳаракатлантирилаётган аттрационга рухсатсиз чиқиб олган.

Сўнг ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида ушбу аттракционнинг темир труба қисмига урилиши натижасида олган тан жароҳати туфайли воқеа жойида вафот этган.

2022 йилдаги Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси берган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда Истироҳат боғларидаги 574 та аттрацион техник носоз деб топилиб, уларнинг фаолияти чекланиб, ишлатмаслик чоралари кўрилган. Қўмитанинг ишчи гуруҳлари томонидан республикадаги мавжуд 143 та маданият ва истироҳат боғидаги 1879 та ҳар хил турдаги аттракцион (кичик аттракционлар ҳам) қайта ўрганиб чиқилган эди.

Маълумот учун, 2022 йил 28 ноябрдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 677-сонли қарори билан аттракционлар хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида техник регламенти тасдиқланган. Унда аттракционларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари ва улардан фойдаланишдаги хавфсизлик талаблари келтирилган.

Жавоҳир ҚАДАМОВ