O‘zbekiston

ДХХ 4 минг дона “Трамадол” ва қарийб 10 минг психотроп дориларнинг ноқонуний савдосига чек қўйди

ДХХ 4 минг дона “Трамадол” ва қарийб 10 минг психотроп дориларнинг ноқонуний савдосига чек қўйди

Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбирлар ўтказилди.

Хусусан, Фарғона туманида яшовчи, 1993 й.т., муқаддам судланган шахс қирғизистонлик танишлари билан 4000 дона “Трамадол” гиёҳвандлик воситаси ҳамда 5306 дона “Регапен” ва 232 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотиб олишга ва бунинг учун уларга олдиндан 1200 АҚШ доллари юбориб, қолган пулларни дори воситаларини сотиб бўлганидан кейин беришга келишади.

Ўз навбатида қирғизистонлик наркосавдогарлар унинг буюртмасини айланма йўллар орқали мамлакатимиз ҳудудига ўтказиб беришади.

Ажал оғусини сотиб, мўмай даромад топишни режа қилган ушбу фуқаро Риштон туманига бориб, 2800 дона “Трамадол” гиёҳвандлик воситасини ҳамда 560 дона “Регапен” ва 10 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Қўқон шаҳрида яшовчи, 1989 ва 1990 йилларда туғилган 2 харидорга 13 млн. сўм ҳамда 100 АҚШ долларига сотиб, “Қўқон – Фарғона” йўналишида ҳаракатланаётган вақтида ушланди. Ва ундан 600 дона “Трамадол”, 50 дона “Тропикамид”, 13 млн. сўм ҳамда 100 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, ундан гиёҳвандлик воситаларини сотиб олган қўқонлик 2 харидор ҳам ушланиб, улардан ҳам ашёвий далиллар тегишли тартибда олиб қўйилди.

Бундан ташқари, наркосавдогарнинг кўрсатмаси асосида, унинг яшаш хонадонидан товарнинг қолган қисми, яъни 600 дона “Трамадол” гиёҳвандлик воситаси ҳамда 4746 дона “Регапен”, 172 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида умумий баҳоси 1,5 млрд сўмни ташкил этувчи гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди.

Бошқа бир ҳолатда эса Риштон туманида яшовчи, 1987 й.т. аёлнинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, келгусида сотиш мақсадида Қирғиз Республикасидан келтирилган, умумий баҳоси 682 млн. сўмни ташкил этувчи 3343 дона “Регапен” ва 1058 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, аёлнинг жиноий шериги бўлган Қўқон шаҳрида яшовчи, 1986 й.т. фуқаро ҳам ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.