Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған номидан юборилган Togg электромобили Ўзбекистонга етиб келди. Туркиянинг биринчи электрокаринининг калитини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга Туркия саноат ва технологиялар вазири Мустафо Варанк топширди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Шавкат Мирзиёев Togg электромобилига ўтириб, уни ҳайдаб кўрди. Ўз навбатида вазирга миннатдорлик билдириб, Туркия Президенти ва халқини машинасозлик тармоғида эришилган улкан муваффақият – электромобилларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани билан қутлади.
Шунингдек, амалий ҳамкорликни кенгайтириш, кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш, инновациялар ва илғор технологияларни жорий қилиш масалалари ҳамда Ўзбекистон-Туркия кенг кўламли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг бошқа жиҳатлари кўриб чиқилди.
Президент икки томонлама ҳамкорликда бугунги жадал суръатни, барча даражаларда ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаоллашганини алоҳида мамнуният билан қайд этган.
Бунга мисол тариқасида товар айирбошлаш ҳажми барқарор ошиб бораётгани, устувор тармоқларда бир қатор йирик инвестиция лойиҳалари биргаликда амалга оширилаётгани, мамлакатларимиз ўртасида мунтазам авиақатновлар кўпайгани таъкидланган.
Туркиянинг етакчи компанияларини қўшма, шу жумладан автомобиль саноатидаги лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилиш орқали саноат кооперациясини ривожлантириш учун кенг имкониятлар борлиги кўрсатиб ўтилган.
Олий даражадаги Стратегик шериклик кенгашининг навбатдаги йиғилишига пухта тайёргарлик кўриш, жумладан, истиқболли лойиҳалар портфелини шакллантириш ва узоқ муддатли саноат дастурини қабул қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Togg электромобилининг тақдимоти учрашув якунида бўлиб ўтган. Вазир Мустафо Варанк автотранспорт воситасининг техник кўрсаткичлари тўғрисида батафсил маълумот бериб, унинг калитини Президентга тантанали равишда топширган.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!