Шакар маҳсулотини ишлаб чиқарувчи ва реализация қилувчи маҳаллий тадбиркорларнинг 2023-йилдаги фаолиятида вужудга келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича Ҳукумат томонидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, бугунги кунда маҳаллий шакар заводлари шакар хомашёсини жаҳон биржа котировкаларига нисбатан арзон нархларда Бразилия давлатидан харид қилмоқда.
Хусусан, жорий йил 15-апрел ҳолатига мазкур заводларда 357 минг тн шакар маҳсулоти ресурслари мавжуд ҳамда арзон нархларда хомашё етказиб бериш бўйича узоқ муддатли шартномалар имзоланган.
Шундан, омборда 8 минг тн тайёр шакар ва 78 минг тн хомашё, июн ойига қадар 271 минг тн хомашё етказиб берилади.
Шунингдек, ички бозорни шакар маҳсулоти билан узлуксиз таъминлаш мақсадида маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда ва биринчи босқичида (жорий йил 1-майга қадар) шакар ишлаб чиқариш қувватларини ўтган йилга нисбатан 25 фоизга оширилиши, натижада суткасига 2,5 минг тоннагача шакар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.
Бунда, йиллик шакар ишлаб чиқариш 600 минг тоннадан 1 млн тоннагача ошиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, республика аҳолисини етарли миқдорда ва мақбул нархларда шакар ва ун маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича Ҳукумат томонидан зарур чоралар кўрилган.
Маълумот учун, бугунги кунда аҳолига шакар 11 500 – 14 000 сўмдан, айрим олис ҳудудларда 12 000 – 15 000 сўмгача чакана нархларда реализация қилинмоқда.
Республика аҳолисининг йиллик эҳтиёжини (ўртача 650 минг тн) барқарор таъминлаш учун зарур даражада (1 млн тн) шакар маҳсулоти мавжуд ва ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!