Бош прокуратура бошқарма катта прокурори ва туман прокуратураси терговчиси процессуал тартибда ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура томонидан прокуратура органларида коррупцияга қарши курашиш, тизимни нопок ходимларидан тозалаш борасида барча зарур чоралар кўрилмоқда.
«Бунда энг аввало, ходимлар ўртасида ножўя ва номуносиб хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, шу билан бирга коррупцияга йўл қўйган ходимларни аниқлаш ҳамда уларга нисбатан қаътий чоралар кўришга эътибор қаратилмоқда», дейилади хабарда.
Шундай тадбирлар доирасида Бош прокуратура бошқарма катта прокурори Э.А. ҳамда Учтепа тумани прокуратураси терговчиси А.Д.ларнинг жиноий қилмишлари фош этилиб, уларга нисбатан жорий йил 6 май куни Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 28, 211 (Пора бериш) моддалар билан жиноят иши қўзғатилди.
Жиноят иши бўйича гумонланувчилар процессуал тартибда ушланди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хабарда айтилишича, Терговга аралашиш ва тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!