Унинг бу иши учун, МЖтКнинг 201-1-моддаси (қонун ҳужжатларини ижро этмаслик ёки бузишга оммавий чақириқ) билан иш қўзғатилган эди. 15 август куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди ушбу ишни кўриб чиқди.
Суд қарори билан фуқаро Г.А. кўпхотинлилик Ўзбекистон қонунчилигида тақиқланганлигини била туриб, бу ҳақда видео тасвирга олиб, ижтимоий тармоқда тарқатган ва бу орқали қонун бузилишини тарғиб қилган.
Судда аёл видео ҳазил тариқасида олинганини ва қилган ишидан афсусда эканлигини айтган. Шунингдек, у қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги ва ҳозирда учинчи фарзандига ҳомиладор эканини ҳисобга олиб, суддан жазони енгиллаштиришни сўраган.
Суд фуқаро Г.А.ни МЖтКнинг 201-1-моддада назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топди. Бироқ, унинг қарамоғида бўлган икки нафар фарзанди борлиги ва учинчи фарзандига ҳомиладорлиги, шунингдек, у илгари бундай ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаганлигини ҳисобга олиб, суд Г.А.га нисбатан МЖтКнинг 21-моддасига (ҳуқуқбузарликнинг аҳамиятсизлиги сабабли маъмурий жавобгарликдан озод қилиш) асосан жавобгарликдан озод этиб, огоҳлантириш билан кифояланди.
Эслатиб ўтамиз, агар суд жазони енгиллаштирмаганида, фуқаро Г.А.га БҲМнинг 60 бараваридан 80 бараваригача (19,8 миллион сўмдан 26,4 миллион сўмгача) жарима солиниши мумкин эди.
Олдинроқ, эрига иккинчи хотин совға қилиб, қўшхотинликни тарғиб қилган видеоси учун инстаблогер узр сўраб чиққани ҳақида маълум қилган эдик.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!