Jinoyat

НАТОдан Украина «сюрприз»: Киев ҳудудларидан воз кечса,ташкилотга кириши мумкин

НАТОдан Украина «сюрприз»: Киев ҳудудларидан воз кечса,ташкилотга кириши мумкин

Украинада уруш бошланганига 1,5 йил бўлди. Айтишимиз мумкинки, қуролли можаро айни кунларда қизғин паллада. Киев тўла маънода коллектив ғарб ёрдамига тобеъ бўлиб бўлди. Ўтган муддат мобайнида Россия дунёга жар солган «супер армия» аслида бир ёлғон экани ҳам ўз исботини топди. Хуллас, уруш ҳеч кимга фойда бергани йўқ. Турган битгани зарар бўлди, холос. Эндиги вазифа эса уни тугатиш керак. Аммо, қандай қилиб, қайси вариант ва режа асосида, буни ҳеч ким билмайди. АҚШ бошчилигидаги коллектив ғарб Киевни қўллашда, ҳар томонлама молиявий ва бошқа ёрдамларни беришда давом этяпти. Аммо, ғарбнинг бу қадамларига қаршилар ҳам кўпайиб бормоқда. Украина эса ўзини Европа Иттифоқи ва НАТО да кўришни истайди. Бу хамирдан қил суғургандек осон иш эмас. Шу кунларда айнан НАТОга аъзолик масаласи борасида ҳар хил гап сўзларни ишитяпмиз.

Гап НАТО бош котиби офисидан тарқалган хабарлар билан боғлиқ. Идора раҳбари урушни тугатиш бўйича баъзи ечимларни санаган.

Стиан Йенссенга кўра, ечим – Украина ўз ҳудудидан воз кечиши ва бунинг эвазига НАТОга аъзо бўлишида. Яъни, урушнинг энг қизғин палласида НАТО Киевни ён беришга ундаши мумкин. Эвазига эса ташкилотга қабул қилинади.

Айнан шу фикрнинг НАТО расмийсидан чиқиши мана бир неча кунки қизғин муҳокамада. Аввалига, Россиянинг собиқ Президент Дмиртий Медведев бу гаплардан ҳайронлигини билдирди.

“НАТО офисидан Украина учун янги ғоя: Киев баҳсли ҳудудлардан воз кечса, НАТОга қўшилиши мумкин. Ғоя қизиқ. Ягона савол шундаки, уларнинг барча ҳудудлари жуда баҳсли ва НАТОга аъзо бўлиш учун Киевнинг ўзидан ҳам воз кечишга тўғри келади. Улар пойтахтни Львовга кўчиришга мажбур бўлади». – Дмитрий МEДВEДEВ – Россия собиқ Президенти

Медведевнинг гапини содда тилда тушунтирадиган бўлсак, сиёсатчи НАТОчилар Киевга чап берди, демоқчи. Янги ғоя жумласида айнан шу фикр яширилган. Яъни, ҳудуд масаласида Украинага ташкилот ёрдам бера олмади, бу жуда қизиқ. Лекин биз руслар кам ҳудуд билан чекланмаймиз. Киев ҳам бизга ўтиши керак, Украинанинг ҳамма ҳудудлари биз учун баҳсли, дейди собиқ Президент.

НАТО офисидан чиққан бу гаплар расмий Киевнинг тоқатини тоқ қилгани бор гап. Украина Президенти Владимир Зеленский администрацияси бу версияни рад этди. Яъни, НАТО га аъзо бўлиш учун давлат ҳеч қачон ўз ҳудудларидан воз кечмайди. Украина ташқи ишлар вазирлиги вакили ҳам Киев ҳудуд савдолашувига қарши экани хусусида facebook’да пост қолдирди.

«Дунё тартибини сақлаб қолиш ва «ёмон тинчлик» ўрнатишга уринишлар, тан олайлик, рақиб томон ғалабаси учун хизмат қилади ва бу тинчлик келтирмайди, балки шармандалик дегани. Бу янги «Европа бўлиниши»нинг ҳар қандай форматига, шу жумладан, НАТОга ҳам тегишли. Хўш, нега қурол етказиб беришни тезлаштириш ўрнига Россия кутаётган музлатиш сценарийси таклиф қилиняпти? Қарши томонни дахшатли индульгенциялар билан рағбатлантиришнинг ҳожати йўқ», – Михайло ПОДОЛЯК – Украина Президенти Администрацияси раҳбари маслаҳатчиси

Энди эса Украина ТИВдан чиққан муносабатга тўхталамиз. Украина ҳудудларининг бир қисмидан воз кечиш эвазига НАТОга қўшилиш ҳақидаги гапларни мутлақо қабул қилиб бўлмайди, дейди вазирлик вакили.

НАТО расмийларининг ҳудудлардан воз кечиш бўйича берган баёнотлари Россия фойдасига ўйнайди. Украинанинг ғалабасини тезлаштириш ва НАТОга тўлиқ аъзо бўлиш йўлларини муҳокама қилиш эса евроатлантика хавфсизлиги манфаатларига мос келади, дея қўшимча қилинган вазирлик вакили Олег Николенко постида.

Хулоса қиладиган бўлсак, уруш қизғин паллада. Лекин бирор томон учун осон эмас. Киев ғарбдан паноҳ истайди. Лекин коллектив ғарбнинг ҳам бугун муаммолари етарли, аҳоли Украинага ортиқ пул беришни ёқламайди. Шундай турдаги одамлар сони ошиб бормоқда. Яъни, ўз мамлакатидаги нарх-навонинг ошиши, бюджет пулларининг Украина учун сарфланиши ҳаммага ҳам ёқавермаслиги бошиданоқ аниқ эди. Шундай вазиятда НАТО Украинага ярим ҳазил ярим чин тарзда ҳудудларингиздан балки воз кечарсиз, шунда сизни ўзимизга қабул қилардик, деган message’ни юборди. Буёғига энди нима бўлади, буни вақт кўрсатади. Лекин шу нарса аниқки, Украинани ғарб чексиз ҳимоя қила олмайди.

Шохрух МАЖИДОВ – жоурналист