Iqtisod

Аэропорт йўлагида 5 дақиқадан ортиқ турган автомобилга автоматик жарима белгиланади — «Uzbekistan Airports»

Аэропорт йўлагида 5 дақиқадан ортиқ турган автомобилга автоматик жарима белгиланади — «Uzbekistan Airports»

«Uzbekistan Airports» компанияси «Тошкент-3» маҳаллий авиақатновлар терминали олдидаги майдонни реконструкция қилишни бошлади.

Лойиҳага кўра, автотранспорт воситаларининг терминал олдига кириши соддалаштирилади. Шундай қилиб, учта алоҳида йўлак ажратилади:

  • аэропортнинг расмий таксилари,
  • сайёҳлик автобуслари ва микроавтобуслар,
  • шунингдек, ҳудудга 5 дақиқагача киришга рухсат берилган барча автомобиллар учун.

Автомобилларнинг одамларни кутиб олиш ва кузатиш йўлаги халқаро авиақатновлар терминалидаги йўл ўтказгич (эстакада) тамойили асосида ишлайди.

Автомобилнинг йўлакда туриш вақти 5 дақиқадан ошиб кетган тақдирда, ўрнатилган ва ЙҲХБ билан интеграциялашган камералар қоидабузарларга автоматик равишда жарималар юборади.

Вокзал майдонини реконструкция қилиш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 17 апрелдаги 159-сонли «Аэропортлар, темир йўл ва автовокзалларда хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Реконструкция ишларини жорий йилнинг август ойи охиригача якунлаш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортларда ҳам терминал атрофи ҳудудларини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади.