Iqtisod

Ўзбекистонликлар даромадининг деярли ярмини озиқ-овқатга сарфлайди

Ўзбекистонликлар даромадининг деярли ярмини озиқ-овқатга сарфлайди

Шу билан бирга, Ўзбекистон озиқ-овқат нархи арзон мамлакатлар қаторига киради.

Ўзбекистонликлар даромадининг 46,5 фоизини овқатга сарфлайди. Бу ривожланган мамлакатларга нисбатан 7-8 баробар кўп. Бу ҳақда Euromonitor маълумотларига таяниб, Picodi хабар берди.

Таҳлилчилар дунёнинг турли минтақаларида истеъмол харажатларининг қандай улуши уйда истеъмол қилинадиган озиқ-овқат ва алкоголсиз ичимликларга тўғри келишини ҳисоблаб чиқди.

Бешта давлатда бу кўрсаткич барча харажатларнинг ўндан биридан камроғини ташкил қилди. Рейтинг етакчилари орасида АҚШ (6,7 фоиз), Сингапур (8,4 фоиз), Буюк Британия (8,7 фоиз), Ирландия (9,2 фоиз) ва Швейцария (9,9 фоиз) бор.

Ўзбекистон рўйхатда қуйи поғоналардан бирини эгаллади – фуқароларнинг озиқ-овқатга сарфланадиган маблағи барча харажатларнинг деярли ярмини (46,5 фоиз) ташкил қилади.

Озиқ-овқат маҳсулотларига сарфланадиган маблағларнинг юқори улуши Нигерия (59 фоиз), Мьянма (56,6 фоиз) ва Кенияда (56,1 фоиз) қайд этилган.

Пул кўринишида озиқ-овқат маҳсулотларига энг кўп маблағ сарфланадиган мамлакатлар Швейцария (ойига 359 доллар), Норвегия (ойига 341 доллар) ва Дания (ойига 311 доллар) ҳисобланади. Бу ушбу мамлакатларда товарлар нархининг умумий юқори даражаси билан изоҳланади.

Россияда озиқ-овқатга ойига ўртача 146 доллар сарфланади. Грузияда бу миқдор 116 долларга, Озарбойжонда 102 долларга, Беларусда 98 долларга тенг. Шу билан бирга, Туркманистон ва Ўзбекистон фуқаролари озиқ-овқатга энг кам маблағ сарфлайди – мос равишда 26 ва 40 доллар.

Рейтингни тузиш учун Picodi таҳлилчилари дунёнинг 105 мамлакатида уйда истеъмол қилинадиган озиқ-овқат ва алкоголсиз ичимликларга сарфланган харажатлар улуши бўйича Euromonitor ва маҳаллий статистика идораларининг сўнгги маълумотларидан фойдаланган.