Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг собиқ депутат Расул Кушербаев ўзининг расмий телеграм-каналида «Бугун микрафонни кимга тутиш керак?» мавзусида қисқача мулоҳаза эълон қилди. Унда Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий ҳудудларида сув танқислиги бўйича фермерлар билан ўртада юзага келаётган муаммолар хусусида сўз юритилган.
Кушербаевнинг айтишича, мазкур муаммонинг асл сабабчилари рухсатсиз шоли эккан фермерлар эмас, балки узоқ йиллардан буён трансчегаравий дарё сувларидан фойдаланиш бўйича давлатлараро тенг ва манфаатли келишувни ҳал этмаган соҳанинг масъулларидир.
Бу ерда Расул Кушербаев Қорақум ва Қўштепа каналларида исроф бўлаётган сувни назарда тутган.
Унинг фикрича, масъуллар ўз ишини масъулият билан ҳал қилмаганлиги оқибатида одамлар сувсизликдан қийналишмоқда ва бу кетишда сув танқислиги бунданда кўпроқ одамларни безовта қилади.
«Ҳурматли катталар мард бўлиб тан олишлари керак: сув масаласида ўз вазифаларини бажара олишмаяпти ва бундан оддий одамлар жабр кўрмоқда.
Хавотирлиси бу ҳали бошланиши бўлиши мумкин.
Шу боис, ҳурматли журналист, блогер ва фаоллар бугун шоли экиб боши балога қолган оддий фермерга эмас, Тошкентда ўтирган соҳанинг масъул раҳбарларига микрофон тутишлари керак: сиз муаммони ҳал этмасангиз бу ўринда нима қилиб ўтирибсиз?» — дейди Расул Кушербаев ўзининг телеграм-саҳифасида.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!