O‘zbekiston

Вазир ҳимоясини кафолатлаган директор аёвсиз калтакланди

Вазир ҳимоясини кафолатлаган директор аёвсиз калтакланди

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Сариоисиё туманидаги 28-мактабнинг директори Т.У. вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов билан жанжаллашгани ҳақида хабар тарқалган эди. Энди ижтимоий тармоқларда директорнинг синглиси Президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллаб, унда опаси ёлланган ўқитувчиларнинг оила аъзолари томонида аёвсиз калтакланганини маълум қилди.

“Ҳурматли Шавкат Мирзиёев, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари илтимос сизлардан бизга ёрдам беринг. Бугун 28-мактаб директори Т.У. ёлланган ўқитувчиларнинг оила аъзолари томонидан дўппосланди. ИИБ ходимлари ҳам тез ёрдам ҳам жуда кечикиб келди, биринчи ёрдамни биз ўзимиз беришга мажбур бўлдик. Тиббиёт муассасасига зўрға етиб келдик. Илтимос бизга ёрдам беринг, буларга қарши чора кўришингизни сўрайман”, дейилган мурожаатда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 августь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов директорни ўрнидан турғазиб, уни “мактабдаги муҳитни бузганлик”да, “вилоятни бутун дунёга шарманда қилганлик”да айблаганди. Бунга жавобан, директор Т.У. ўзига нисбатан айтилган айбловларни рад этиб, “милтиқ бўлса, отиб ташланг”, дея эътироз билдирган.

Маълумотларга кўра, ушбу можаронинг асл илдизи 2021 йилги воқеаларга бориб тақалади. Ўшанда Сариосиё туманидаги 28-мактабнинг бир гуруҳ ўқитувчилари мактаб директори Т.У. ўқитувчиларга зуғум ўтказиб, уларнинг дарс соатларини қисқартириб юборгани ҳамда малакали кадрларни ишдан бўшатганини айтиб, республика раҳбариятига мурожаатлар йўллаган. Ўқитувчилар маҳаллий интернет нашрларидан бирини мактабга таклиф қилиб, ундан ҳолатни ўрганишни сўраган. Т.У мактабга борган журналистларни ҳайдаб чиқариб, уларнинг камерасини синдириб ташлаган.

Ушбу ҳолат жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг Т.У. га нисбатан ўз лавозим мажбуриятларига совуққонлик билан ёндашиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда ижро интизомини ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлиги учун ҳайфсан чораси қўлланган. 2021 йилнинг 10 декабрида эса у ишдан бўшатилган. Бироқ, 2022 йил 10 феврал куни унинг ишдан олиниши ноқонуний бўлган, деган хулосага келиниб, мактаб директорлигига қайта тайинланган. Тарқалган видеодаги ҳолатда ҳоким Улуғбек Қосимов “бутун дунёга шарманда қилдингиз” деганда айнан шу воқеаларни назарда тутган бўлиши мумкин.