Demokrat.uz га маълум қилинишича, Швейцариянинг Тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги ҳамда ЮНЕСКО ўртасида 3 йиллик медиа дастури бўйича келишув имзоланган.
Мақсад эса – Ўзбекистондаги медиа муҳитни соғломлаштириш.
“Ахборотдан фойдаланиш, муассасалар масъулияти ва ОАВ ваколатларини мустаҳкамлаш орқали Ўзбекистон ҳукумати ва фуқароларининг имкониятларини кенгайтириш”га қаратилган 3 йиллик медиа дастури 2030 йилгача бўлган кун тартибни белгилади.
Унга мувофиқ, фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш, ҳисобдорлик ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, журналистика таълимини яхшилаш, шунингдек, медиа ва ахборот саводхонлигини ошириш орқали Ўзбекистон медиа маконини мустаҳкам, инклюзив қилишга ҳисса қўшиш – асосий мақсадлардан.
Дастур фуқаролар ҳамда ҳукумат учун шаффофлик ва танқидий ахборот билан шуғулланиш маданиятини ошириш муҳимлигини исботлайди.
Швейцария элчихонасининг халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Раҳел Бош, ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги вакили Сара Ношади ва Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вакили Тўхтасин Ғайбуллаевлар тадбирда иштирок этган.
Элчихона вакилига кўра, “Швейцария оммавий ахборот воситалари фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларга ижобий қарайди. Ушбу лойиҳа сиёсатчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва фуқаролар ўртасида очиқ мулоқот ва конструктив ҳамкорликни ривожлантириш учун платформа бўлиб хизмат қилишига ишонамиз, дейди Раҳел Бош.
Манфаатдор томонларнинг дастлабки учрашуви ҳамда матбуот анжумани 2023 йил декабрь ойида ўтказилиши режалаштирилган.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!