«Тошкент метрополитени» ДУК бугун, 28 ноябр куни метрополитеннинг «Қўйлиқ» бекатида номаълум шахс ўзини ҳаракатланиб келаётган поезд тагига ташлагани сабабли «Ер усти ҳалқа йўли» йўналишининг бир томон қисми вақтинча ҳаракатдан тўхтатилганини эълон қилди.
Айтилишича, соат 14:58 да тахминан 20-25 ёшлардаги номаълум эркак ўзини метрополитеннинг «Янгиобод» бекати томондан «Қўйлиқ» бекатига кириб келаётган 85-сонли маршрут электропоезди йўлагига ташлаган. Оқибатда, олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.
Марҳумнинг ёнида шахсини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлари бўлмаганлиги учун шахсини аниқлаш мақсадида бармоқ излари олиниб, тиббий экспертизага бериш чоралари кўрилган. Ҳозирда Тошкент транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Тошкент метрополитени» ДУКнинг маълум қилишича, «Ер усти ҳалқа йўли» йўналишида поездлар ҳаракати соат 15:50 дан бошлаб доимий режа асосида ҳаракатлана бошлаган.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!