Ўзбекистонда H3N2 Гонконг гриппи билан касалланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмитаси раиси ўринбосари Нурмат Отабеков брифингда маълум қилди.
“Лаборатория маълумотларига эътибор қаратсангиз, гриппнинг А типи (H3N2) асосан кенг тарқалган. Бизга бу штамм яхши таниш, Ўзбекистонда ушбу гриппга қарши 2,3 миллион доза вакцина қўлланилган. Ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, “Саҳоват” ҳайрия уйи тарбияланувчилари ҳамда хавф гуруҳидаги болалар олдиндан эмланган”, — деди Нурматов.
Гонконг гриппи ўткир респиратор касаллик бўлиб, нафас олиш йўллари ва овқат ҳазм қилиш тизимига энг жиддий таъсир қилади. Аломатлар орасида иситма, йўтал, бош оғриғи, қизил кўзлар, мушак ва бўғимлардаги оғриқлар, овқат ҳазм қилиш муаммолари мавжуд.
Қўмита сўнгги ҳафтада республикада ўткир респиратор инфекциялар сони 25,5 фоизга, Тошкент шаҳрида эса бу кўрсаткич 25,4 фоизга камайганини қайд этди. Бироқ, бир ёшгача бўлган болалар ўртасида касалланиш даражаси юқорилигича қолмоқда ва ҳар 100 минг аҳолига 368,3 ни ташкил этади.
Айни пайтда республикада гриппга чалинган беморларни даволаш учун 8 мингта касалхона ўринлари яратилган бўлиб, уларда 6 минг бемор даволанмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!