Молдовада Украинадан келган 822 нафар қочоқ расман ишга жойлашди, деб хабар беради Бандлик миллий агентлиги (НАЭП) расмий сайти.
Молдова Ички ишлар вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, Россия махсус операцияси бошланган февраль ойининг охиридан буён Украинадан 530 мингдан ортиқ қочоқ мамлакатга кирган. Уларнинг 77 мингдан ортиғи ҳали ҳам республикада қолмоқда. 8803 нафар қочоқ эса ҳукуматдан бошпана сўраган.
Маълум бўлишича, Бандлик миллий агентлиги мунтазам равишда украиналиклардан иш қидириш бўйича аризаларни қабул қиляпти. Айни пайтда Молдовада урушдан қочган 822 нафар украиналик ишламоқда. Уларнинг 620 нафари аёл ва 202 нафари эса эркаклардир.
Рўйхатга олинган Украина фуқароларининг асосий қисми, яъни 615 нафари Кишиневда ишлаяпти. Молдовага келган украиналиклар дастурчи, муҳандис, сотувчи, ошпаз, ўқитувчи, шифокор, менежер, тикувчи каби фаолият турлари бўйича бўш иш ўринларини тўлдириши таъкидланган.
Аввалроқ Молдова меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Марчел Спэтарь қочоқларни қўллаб-қувватлаш дастури Европа Иттифоқи, Ғарб жамғармалари ва ташкилотлари, жумладан, БМТнинг агентлиги томонидан молиялаштирилишини айтган эди. Шундан келиб чиқиб, республика бюджетидан улар учун пул сарфланмайди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!