O‘zbekiston, Yangiliklar

«Имо-ишора тили бўйича энг яхши таржимон» танлови ғолиби учун 30 млн сўм пул мукофоти

«Имо-ишора тили бўйича энг яхши таржимон» танлови ғолиби учун 30 млн сўм пул мукофоти

2022-йил 1-январ ҳолатига кўра, республика бўйича 16 ёшдан ошган ногиронларнинг умумий сони 670,7 минг нафарни ташкил этади. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг март ойидан бошлаб Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар учун Call-марказ ўз ишини бошлаган эди. Марказда ишлаш учун 18 нафар оператор, сурдо-таржимон ва эксперт шифокорлар тайёрланди.

Ушбу ишларнинг узвий давомида сифатида 2022 йилнинг 20 октябрь санасида «Ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири этиб ўзбек имо-ишора тилини янада ривожлантириш ва унинг ҳуқуқий мақомини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди. Ундан мулоқот воситаси сифатида фойдаланишни рағбатлантириб бориш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Хусусан, 2023 йил 1 январдан бошлаб, умумий ўрта таълим муассасалари ҳамда «Ишга марҳамат» мономарказларида ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ўргатиш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этилади.

Махсус ўқув курсларида кўриш, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахслар ҳамда ушбу тоифадаги вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар – бепул ўқитилади. Қолган шахслар эса пуллик асосида таҳсил олади.

Шунингдек, 2023 йил 1 январдан бошлаб давлат телеканалларида ҳафталик эфир вақтининг камида беш фоиз ҳажмидаги кўрсатувлар сурдотаржима билан намойиш этилади. Ёхуд уларда яширин субтитрлар ёки «югурувчи сатрлар» жойлаштирилиши зарур.

Бундан ташқари, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб кар ва заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг ўқитувчи лавозимига фақат дарс ўтиладиган имо-ишора тилини биладиган педагог кадрлар ишга қабул қилинади.

2023/2024 ўқув йили учун эса ОТМларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларини шакллантиришда сурдопедагогика ва тифлопедагогика йўналишлари бўйича давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари 25 фоизга оширилиши назарда тутилган.

Яна бир эътиборли томони, 2023 йилдан бошлаб ҳар йили сентябрь ойида «Имо-ишора тили бўйича энг яхши таржимон» танлови ўтказилади. Танлов ғолибларига, яъни 1-ўрин учун – БҲМнинг 100 баравари; 2-ўринга 65, 3-ўрин учун эса 50 баравари миқдорида пул мукофотлари ажратилади.