26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари Туркия етакчисини таваллуд куни билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлик ва катта муваффақиятлар ҳамда қардош турк халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади. Ўзбекистон-Туркия муносабатлари бугунги кенг кўламли стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликдек юксак даражага кўтарилишида Президент Режеп Эрдоғаннинг шахсий ҳиссаси алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон Президенти Туркиянинг жануби-шарқий музофотларида содир бўлган вайронкор зилзилалар муносабати билан яна бир бор далда сўзларини изҳор этди ва уларнинг оқибатларини бартараф этишда зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади.
Туркия Президенти, ўз навбатида, энг мураккаб паллада кўрсатилган кўмак учун Ўзбекистон Президенти ва қардош халқига чуқур миннатдорлик билдирди. Қутқарувчилар ва тиббиёт ходимларининг фаолияти туфайли ўнлаб инсонларнинг ҳаёти сақлаб қолинди, Ҳатай музофотининг минглаб аҳолисига малакали ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон маданияти ва санъати, зиёлилари ва жамоатчилик вакилларининг саъй-ҳаракатлари катта маънавий кўмак бўлди.
Суҳбатда икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. 2022 йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувда эришилган келишувларни сўзсиз амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Бўлажак учрашувлар режаси, шу жумладан Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига ҳамда Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити тадбирларига тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Туркия Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқ, ишончли ва дўстона руҳда ўтди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!