Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ва Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Тожикистон Республикасидан мамлакатимизга контрабанда йўли билан ўтказилган 4 кг 810 гр. “опий” ва 42 кг 892 гр. “гашиш” моддалари тўхтатиб қолинди.
Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида аниқланишича, Марғилон шаҳрида яшовчи, 1986 й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланиб, жазо муддатини ўтаган шахс Тошлоқ туманида истиқомат қилувчи, 1987 й.т. таниши билан бирга Бешариқ туманидаги чегара назорат ўтказиш пункти орқали Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти Зафаробод туманига борган.
У ерда маҳаллий наркосавдогар билан учрашиб, юқорида келтирилган ажал оғусини 10 минг АҚШ доллари эвазига Сирдарё вилоятининг Ховос тумани ҳудудига ўтказиб беришга келишишган. Лекин, куръерлар наркотик моддаларни давлат чегарасидан ўтказган вақтларида қўлга олинди.
Аввал хабар берилганидек, яшаш хонадонида 7 кг 331 гр. “опий” моддасини келгусида сотиш мақсадида сақлаб келган, Ургут туманида истиқомат қилувчи, 1992 й.т. фуқарога нисбатан ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси томонидан қўзғатилган жиноят иши доирасида унинг кўрсатмаси асосида қариндошининг уйидан 6 кг 403 гр. “опий” моддаси қўшимча ашёвий далил сифатида олинди. Таъкидлаш лозимки, ушбу наркотик моддалар ҳам Тожикистон Республикасидан олиб келинган.
ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда Юқоричирчиқ туманида ўтказилан тезкор тадбирда Андижон вилоятининг Балиқчи туманида яшовчи, 1963 ва 1968 йилларда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноятлари учун судланиб, жазо муддатини ўтаган 2 нафар фуқаро 1 кг. 399 гр. “гашиш” моддасини 15 минг АҚШ долларига сотаётган вақтларида ушланди. Бу ҳолатда наркотик модда Қирғиз Республикасидан олиб келинган.
ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Андижон шаҳрида яшовчи, 1979, 1984, 1987 йилларда туғилган, муқаддам судланган 3 нафар шахс қўлга олинди. Уларнинг ёнлари ва хонадонлари кўздан кечирилганда Қирғиз Республикасидан келтирилган жами 546 гр. “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!