Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 март куни Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Энтони Блинкен бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги долзарб масалаларнинг кенг доираси ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари кўриб чиқилди.
Суҳбат аввалида Давлат котиби Энтони Блинкен давлатимиз раҳбарига Қўшма Штатлар Президенти Жо Байденнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
АҚШ Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимо қўллаб-қувватлашда қатъий экани яна бир бор қайд этилди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ва ортга қайтмас тус олган демократик янгиланишлар, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга юксак баҳо берилди, улар тўлиқ қўллаб-қувватланди.
Айниқса, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлашда, мажбурий меҳнатга қарши курашишда, сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотларда, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришда ва кўплаб бошқа йўналишларда эришилган катта муваффақиятлар алоҳида қайд этилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кўп қиррали муносабатларда юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан таъкидланди.
Кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш, шу жумладан Стратегик ҳамкорлик бўйича самарали мулоқотни илгари суриш ва турли даражаларда сермаҳсул алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги тасдиқланди.
Савдо-иқтисодий, инвестицион ва инновацион ҳамкорликни ривожлантириш, Америка етакчи компанияларининг Ўзбекистон бозоридаги фаолиятини кенгайтириш, кооперация лойиҳаларини, энг аввало, юқори технологик тармоқларда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Маданий-гуманитар алоқаларни, шу жумладан мамлакатимизда ёшларга инглиз тилини ўқитиш ва малакали ўқитувчиларни тайёрлаш дастурларини фаоллаштириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Минтақавий ҳамкорликнинг энг муҳим масалалари юзасидан фикр алмашилди. Куни кеча “АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари” (“С5+1”) форматида ўтган вазирлар учрашувининг амалий натижалари ижобий баҳоланди.
Минтақа мамлакатларининг барқарор тараққиётига кўмаклашиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини такомиллаштириш, “яшил” энергетикани ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш каби йўналишлар кўрсатиб ўтилди.
Шу ойда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли битим кенгаши (TIFA) йиғилишига муҳим аҳамият берилмоқда.
Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасида кенг халқаро ҳамкорликка оид масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Ушбу мамлакатдаги вазиятнинг кескинлашишига ва гуманитар инқирознинг авж олишига йўл қўйиб бўлмаслиги, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш алгоритмини ишлаб чиқиш учун БМТ майдонидан фаол фойдаланиш зарурлиги, шунингдек, тинчлик жараёнига ва Афғонистон иқтисодиётини тиклашга кўмаклашиш учун минтақавий инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги тўғрисида якдил фикр билдирилди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!