Президент фармони билан 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди.
Давлат дастурига кўра, 2023 йил 1 июлдан:
- барча давлат органлари ва ташкилотларида “Аҳоли ва тадбиркорларга сервис сифатини ошириш” чора-тадбирлари белгиланади;
- ДХМ орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 300 тага, ЯИДХП (my.gov.uz) орқали кўрсатиладиган хизматлар сони эса 570 тага етказилади;
- аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари (ногиронлиги бўлган шахслар, оғир беморлар, кексалар ва бошқалар)га миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги давлат хизматлари доимий яшаш ёки вақтинча турган жойига чиқиш орқали кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмайди;
- электр, газ ва сув сарфи ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш бўйича давлат хизматлари проактив тарзда (фуқаро мурожаатини кутмасдан, хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўз ташаббуси билан) кўрсатилади.
2023 йил 1 сентябрдан аҳоли ва тадбиркорларга субсидия ажратиш билан боғлиқ барча хизматлар босқичма-босқич “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратишнинг ягона электрон платформа”сига ўтказилади.
2024 йил 1 январдан пенсионерга ҳисобланган, лекин ўз вақтида олинмаган пенсияни тўлаш муддати 12 ойдан 24 ойга узайтирилади.
2023 йил 1 апрелдан ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган, шунингдек, нохуш клиник прогнозга эга касалликлар ва асоратларда фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади.
Дастурга кўра, 2023 йилда:
- “Янги Ўзбекистон” массивлари ва 161 та бошқа массивларда янги уй-жойлар қуришнинг йиллик ҳажмлари 90 мингга етказилади;
- аҳолини бозор тамойиллари асосида ипотека кредитлари орқали мулк ҳуқуқи асосида Тошкент вилоятида тажриба-синов тариқасида “Менинг биринчи уйим” дастури ишлаб чиқилиб, амалга оширилади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!