O‘zbekiston

Тошкентда 3 ёшли қизча энаганинг хонадонида вафот этди

Тошкентда 3 ёшли қизча энаганинг хонадонида вафот этди

Ижтимоий тармоқларда 3 яшар қизчанинг ўлими ҳолати юзасидан видеомурожаат тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан пойтахт ИИББ матбуот хизмати муносабат билдирди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 25 апрел куни 1996 йилда туғилган Д.У. Сергели тумани ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилиб, синфдоши 1996 йилда туғилган ШНга, вояга етмаган фарзанди 2020 йилда туғилган С.У. ни энагалик қилиши учун топширганлигини, лекин фарзанди унинг хонадонида вафот этганлигини маълум қилган.

Текширув жараёнида ШН. вояга етмаган С.У. 24.04.2023 йилда ертўлага тушиш зинасидан йиқилиб тушганлигини, лекин ўрнидан туриб яна ўйнаб кетганлиги сабабли унинг онасига бу ҳақида хабар бермаганлигини, шифокорларга ҳам С.У.га тиббий ёрдам кўрсатиши учун мурожаат қилмаганлигини, 25.04.2023 йил тахминан соат 10.00 ларда С.У. хушидан кетиб йиқилганлигини ва тез тиббий ёрдам ходимлари келгунига қадар вафот этганлигини маълум қилган.

Марҳуманинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИО ФМБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 117-моддаси (“Хавф остида қолдириш”) билан жиноят иши кўзғатилган. Гумон қилинувчи Ш.Н. процессуал тартибда ушланган. Тергов давом этмоқда.